Жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз эришган бетакрор ютуқларнинг сабаби ҳам китоб мутолаасидир. Шу боис юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасидаги ишлар вазирлик раҳбариятининг доимий эътиборида бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дарҳақиқат, осойишталик посбонларининг касбий малакасини, ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, ходимлар билан маънавий-тарбиявий ишларни янада кучайтириш каби вазифаларни бажаришда китоб энг яқин кўмакчи бўлиши шубҳасиз. Бугун шиддат билан ривожланаётган замон билан ҳамнафас бўламан деган ҳар бир давлат хизматчиси, жумладан, ички ишлар органлари ходимлари ҳам доимо ўз устида ишлаши, билим ва кўникмаларини тинимсиз ошириши зарур.

Наманган вилояти ИИБ, маънавий ва маърифий ишлар ҳамда кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳафтанинг белгиланган бир кунида «Китобхонлик дақиқаси», «Нотиқлик санъати», «Фикрлар жанги» лойиҳалари бўйича фикрлар алмашилади.

Китоб ўқимаган, дунёқараши тор, нотиқлик маҳорати бўлмаган ходим фуқаролар билан қандай мулоқот қилади? Бирор-бир муаммо юзасидан ёрдам сўраб келган инсонга қонуний йўл-йўриқ кўрсата оладими? Албатта, йўқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун ҳар бир ички ишлар органи ходими жамиятда ҳуқуқий маданият тарғиботчисига айланиши, бунинг биринчи шарти сифатида, аввало, китобга ошно бўлиши лозим.

Китоб ўқиган инсон эса қайси соҳада ишламасин, тўғри фикрлаш, оқ-қорани ажратиш, мураккаб вазиятларда оқилона қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўлади. Бундан ташқари, нутқи равон бўлади, фикрини тўғри ва тўлиқ ифодалай олади. Булар эса ички ишлар органлари ходимлари учун энг керакли сифатлар ҳисобланади.

Яқинда «Қайси бири яхшироқ: қоғозли адабиётми ёки электрон ўқиш мосламасими?» мавзусида «Фикрлар жанги» тренинги бўлиб ўтди. Аҳамиятли жиҳати, қарама-қарши тарафларнинг барчаси ўз фикрини ҳимоя қилишда асосли фактларни илгари суришди.

Тренингга жалб этилган ёш ходимлар бундан уч ой аввал кадрлар бошқармаси томонидан саралаб олинган «Ёш лидерлар» аъзоларидир. Ушбу гуруҳ вакилларига Адлия бошқармаси, НамДУ ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўқув дастури ишлаб чиқарилди. Малакали ходимлар, профессор-ўқитувчилар, тажрибали нотиқлар томонидан олиб борилган машғулотлар қисқа вақт ичида ўзининг ижобий натижасини берди. Келажакда бу каби тренингларни ҳар хил ёшдаги ходимлар ўртасида ҳам ташкиллаштириш ниятидамиз.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир инсон китоблар орқали унинг маънавий хазинасидан, чексиз имкониятидан иложи борича кўпроқ фойдаланиб, ҳам ўзининг, ҳам ўзгаларнинг ҳаётини мазмунан бойитиши мумкин. Зеро, китоб руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш бизни маънан юксалтирибгина қолмай, эзгуликка ҳам етаклайди.

Мираббосхон МИРСАИДОВ,

Наманган вилояти ИИБ,

маънавий ва маърифий ишлар ҳамда кадрлар билан

таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари,

подполковник.