Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, олий таълим муассасалари вакиллари, ИИВ Малака ошириш институти, ФВВ Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати ходимлари, ФВВ Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти, ФВВ Академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад – республикамизда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги мавжуд муаммолар ва ёнғинга қарши муҳофазани такомиллаштириш, фавқулодда вазиятларда жиноят билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ошириш, соҳага янги инновацион технологияларни қўллаш амалиётини янада кучайтириш, илғор хорижий тажриба ҳамда технологиялар асосида соҳани жадал инновацион ривожлантириш, ёшларни илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб этишдан иборатдир.

Анжуманни Академия бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев очиб, фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида инновацион ва технологик ғояларни ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёш олимларнинг инновацион технологияларни яратиш борасидаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш юзасидан зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлаш масаласи комплекс характерга эга бўлиб, уни юқори даражада мустаҳкамлаш, тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, шу билан бирга,  соҳа ривожини таъминлаш учун инновацион ёндашув, илмий ишланмалар ва замонавий технологиялар яратиш долзарб вазифадир

Анжуманда сўзга чиққанлар фавқулодда вазиятларда жиноятларни олдини олиш, суриштирув ва тергов жараёнларига электрон маълумотларни киритиш ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг фикр-мулоҳазаларни билдирди.

Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиши тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш масаласи асосий йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, анжуманда билдирилган тавсияларни амалиётда кенг қўллаш орқали, фавқулодда вазиятлардан сўнг юзага келувчи ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда бартараф этишда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Хулоса ўринида таъкидлаш жоизки, олимларнинг табиий офатлардан сўнг юзага келган жиноятларга эътибор қаратиши уларга қарши фавқулодда вазиятларда курашиш қоидаларини мукаммал равишда ишлаб чиқилишини тақозо қилади. Буни эса фавқулодда вазиятларга қарши курашувчи мутахассислар билан биргаликда мазкур фанларнинг чегарасида ҳал қилиш келажакда ўзининг самарасини беради.

Майор Фарҳоджон ХЎЖАЕВ,

ФВВ Академияси

катта ўқитувчиси