Пойтахтимиз ҳудудида жойлашган бозорларда Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ шахсий таркиби томонидан туман ветеринария бўлими ходимлари билан хамкорлигида махсус санитария тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Ундан кўзланган мақсад — санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши, шунингдек тегишли ветеринария ҳужжатларисиз гўшт ва сут маҳсулотлари билан савдо қилинишини олдини олиш.

12 мартдан 18 мартгача ўтказилган текширувлар натижасида  11 нафар тадбиркорларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди.

Жумладан, "Юнусобод деҳқон бозори"да ўтказилган текширувлар натижасида сут ва сут маҳсулотлари ҳамда гўшт маҳсулоти (мол туёғи ва дудланган балиқ) истеъмол қилишга яроқсиз деб топилиб, ушбу маҳсулотлар утилизасия қилинган.

Шунингдек, "Авиасозлар деҳқон бозори"да ўтказилган тадбир давомида, жами 28 кг товуқ (қиймаси) ва 82 кг мол (қиймаси) гўшт маҳсулотлари истеъмол қилишга яроқсиз деб топилиб, ушбу маҳсулотлар ҳам утилизасия қилинган.

Ҳурматли пойтахт аҳолиси ва меҳмонлар! Бозорларда гўшт ва сут маҳсулотларини сотиб олаётганда жуда эҳтиёт бўлинг, сотувчидан сотилаётган маҳсулотлар санитария меъёрларига жавоб беришини тасдиқловчи сифат сертификатини сўранг, дея огоҳлантирмоқда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси.