Ўтган йилларда бу борада катта тажриба орттирилди ва бу жараён йилдан-йилга такомиллашиб келмоқда.

Жорий йил Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши бу хайрли анъананинг узвий давоми ҳисобланади. Шу кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ёшлар ҳар бир давлат ва миллатнинг келажаги, эртанги кунимизнинг ҳаракатлантирувчи кучи. Шу боис, ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг  устувор йўналишига айланган. Юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш, жаҳон андозалари даражасида таълим олиши ва ҳар томонлама баркамол улғайиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борадаги ишларни замон талаби асосида ташкил этиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Хусусан, таълим-тарбия тизимида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айни вақтда таълим, жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг салмоқли қисмини ташкил этмоқда. Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди. Қанчалик оғир бўлмасин, юртимизда бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар излаб топиляпти. Давлатимиз раҳбари мазкур харажатларни харажат эмас, балки, келажак учун йўналтирилган энг самарали сармоя ҳисоблаб, таълим ривожига эътиборни йилдан-йилга кучайтирмоқда.

Хусусан, жорий йилги давлат дастури лойиҳасида ҳам бу йўналишда кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланган. Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техник салоҳиятини ошириш, педагогларнинг мақомини юксалтириш,  умумтаълим мактабларини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасини такомиллаштириш борасида кўзда тутилган чора-тадбирлар шулар жумласидан.

Қувонарлиси, бу йўналишда халқимизнинг эътирозига сабаб бўлаётган қатор долзарб масалалар ечимига оид лойиҳалар ҳам бор. Масалан, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 100 та умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчилари учун бепул автобуслар қўйиш бўйича тадбирлар белгиланган. Бу борада тажриба-синов тариқасида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 100 та умумий ўрта таълим мактабида олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчиларнинг автобуслар билан мактабга хавфсиз ва қулай қатновини аутсорсинг асосида ташкил этиш бўйича тартибни ишлаб чиқиш белгиланган. Аутсорсинг тизими асосида бепул автобус қатновини йўлга қўйиш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун зарур маблағ ажратиш масаласи ҳам кўзда тутилган. Албатта, келажак авлод камолотини кўзлаб амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар ёшларимиз учун катта рағбат ва имкониятдир.

Яна бир муҳим масала – болаларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш билан боғлиқ. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий ва ташкилий ишлар янгича мезонлар асосида ривожланмоқда. Бироқ, шунга қарамай, ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Буни қуйидаги фактлар ҳам исботлайди: маълумотларга кўра, ўтган йилнинг 9 ойида юртимизда 1 минг 240 нафар вояга етмаган болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Болалар ўз қариндошлари, яқинлари томонидан ҳам зўравонликка учраш ҳолатлари кўп учраяпти.

Яқинда интернет тармоғида ўз фарзандига ана шундай шафқатсиз муносабатда бўлган отанинг қилмиши ҳаммамизни жунбушга келтирди. Табиийки, ота бу қилмиши учун қонун олдида жавобгарликка тортилди. Аммо, миллий қадриятларимиз ва ўзлигимизга ёт бўлган бундай қилмишларга асло тоқат қилиб бўлмайди. Шу боис, давлат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик бундай ҳолатларга қарши курашмоқда.

Давлат дастури лойиҳасида ҳам бу муаммоларга алоҳида эътибор берилгани ва бу йўналишдаги чора-тадбирлар кучайтирилиши белгилангани айни муддао бўлди. Хусусан, болаларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишда давлат органлари ваколатини аниқ белгилаш, болаларга нисбатан бундай ҳолатларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, тазйиқларга чек қўйиш механизмини такомиллаштириш, тазйиқ ва зўравонликка учраган болаларга комплекс ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар амалиётини комплекс таҳлил қилиш, натижаси бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш вазифаси белгиланган. Ишончимиз комилки, бу ғоя ва ташаббус халқимиз томонидан қўллаб-қувватланади.

Давлат хизматчиси, аввало, халқ хизматчиси бўлиши шарт

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистонга ҳуқуқий давлат, деган таъриф берилди ва шу асосда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3 баробар кўпайтирилди. Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида халқ хизматидаги давлатни барпо этиш вазифаси янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий тамойилларидан бири этиб белгиланади. Хусусан, юртимиз тараққиётининг бугунги босқичида давлат хизматчиси, аввало, халқ хизматчиси бўлиши шарт, деган ғоя юқори натижадорликка йўналтирилган давлат бошқаруви тизимини яратишда ислоҳотларнинг асосий талабига айланди.

Бу йўналишда кейинги йилларда юртимизда кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада давлат хизматчиларини тайёрлашнинг янги тизими шаклланди, бошқарув кадрларини танлаш, уларни ишга қабул қилиш, ривожлантириш ва лавозимда ўстириш бўйича янги мактаб яратилди.

Давлат дастури лойиҳасида бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш бўйича қатор вазифалар ўз аксини топган. Хусусан, давлат фуқаролик хизматини меритократия, ҳалоллик ва профессионаллик тамойиллари асосида ташкил этиш асосий мезон этиб белгиланган.

Бу борада белгиланган муҳим вазифалардан бири Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқишдир.

– Бугун юртимиз демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда, – дейди Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири Алишер Эранов. – Бу борадаги ислоҳотлар бардавом бўлиши, халқимиз кўзлаган юксак марраларга эришиш учун, аввало, давлат бошқаруви тизимини замон талаблари даражасига олиб чиқиш устувор вазифадир. Ушбу мақсадларга эришиш кўп жиҳатдан давлат хизматчиларининг билими ва салоҳиятига боғлиқ. Зеро, бугунги кун давлат хизматчиси Президентимиз илгари сураётган мамлакатни ривожлантириш билан боғлиқ ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқаришга қодир, ҳаётимизда рўй бераётган тезкор ўзгаришларга мослаша оладиган, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириб, халқимиз фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўша оладиган етук кадр бўлиши лозим. Албатта, бу натижаларга эришиш учун аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олиниши ҳам муҳим. Янги стратегия ана шу соҳада дастуруламал ҳужжат бўлади.

Нафақат давлат хизмати, балки ҳар бир соҳа ва тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар қачон самарали бўлади? Қачонки, ҳаракатлар ўз натижасини берса. Яъни, иш дегани фақат соат ёки кун қоралаш билан эмас, эришилган натижа билан баҳоланиши лозим. Айниқса, давлат хизматчиси фаолиятида бу муҳим мезон ҳисобланади. Агар жойлардаги раҳбар ва мутахассислар халқ фаровонлигини таъминлайдиган, турли соҳаларни ривожлантириш орқали иқтисодий ўсиш, жамиятда тинчлик, барқарорликка хизмат қиладиган мақсадлар сари интилиб, бу бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширса, албатта ҳаракатга яраша натижа ҳам бўлади.

Табиийки, улар ана шундай ишига яраша рағбат ҳам олиши лозим. Аксинча, ишида унум ва ўсиш бўлмаган кадрларнинг лавозимга лойиқлиги масаласи ҳам кун тартибида туриши керак. Давлат дастурида бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Республика ижро этувчи органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашни йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилгани айни муддаодир.

Бугунги ахборот технологиялари асрида ҳар бир соҳа ва тармоқда янгиланиш жараёни жадал кечмоқда. Ахборот технологиялари ҳам кун сайин ривожланаётир. Қайси соҳа мутахассиси бўлмасин, бир кун ўз устида ишламаса, янгилик ва ўзгаришлардан хабарсиз қолса, ҳаётдан ортда қолиши ҳеч гап эмас. Шу боис, кадрлар малакасини ошириш бўйича узлуксиз тизим бўлиши лозим. Бу борада Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат бошқарув академияси ҳамкорлигида мунтазам ўқувлар ташкил этиляпти. Ilm.argos.uz платформаси фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу тизим орқали онлайн ўқувлар ҳам ташкил этиляпти.

Жорий йилда бу ишлар янада такомиллаштирилади. Давлат дастури лойиҳасида бу борада камида 10 минг нафар давлат хизматчиси малака ошириши режалаштириляпти.

Бундан ташқари, давлат бошқарув органлари ва ҳокимликлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида махсус мобил платформа яратиш кўзда тутиляпти. Бу тизим ўзаро ахборот алмашиш, белгиланган вазифаларни тез ва сифатли бажаришда ҳамкорликда ишлаш, доимий мулоқот қилиш ва тажриба алмашиш имкониятини яратади.

Яна бир муҳим масала – давлат хизматига ишга киришда имконияти чекланган шахслар учун зарур шароит яратиш ҳисобланади. Маълумки, бугунги кунда юртимизда аҳолининг ушбу қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, билим ва малака эгаллаши учун зарур шароит яратиш борасида муайян ишлар бажариляпти. Табиийки, бу уларнинг жамият ҳаётида тенг ҳуқуқли асосда иштирок этиши учун замин яратаётир. Эндиликда уларнинг давлат хизматига ишга киришда танловларда қатнашишига ҳам шароит яратилади. Бу аҳоли ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда яна бир муҳим қадам бўлади.

Бундан ташқари, етук, билимдон, ташаббускор, истиқболли кадрларни танлаб олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида махсус саралаш тизимига ҳам асос солинади. Бу жараёнда нафақат юртдошларимиз, балки хориждаги ватандошларимиз ҳам иштирок этишига имкон яратилади. Ўз навбатида, бу чора-тадбирлар давлат фуқаролик хизматини янада ривожлантириш, халқ хизматидаги давлат тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этишда муҳим самара беради.

Давлат дастури лойиҳасида ҳар бир соҳа ва тармоқ ривожига оид ана шундай кўплаб янгиликлар акс этган. Умумхалқ муҳокамалари қизғин кечаётган шу кунларда бу масалалар юзасидан турли фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилмоқда. Ушбу ҳужжат муҳокамаси нафақат юртимиз, балки хорижий нашрлар журналистларининг ҳам нигоҳида турибди. Бу жараёнда ҳужжат лойиҳаси янада такомиллашади ва халқимиз фаровонлигини ошириш, юртимиз равнақини юксалтиришга замин яратадиган муҳим дастурга айланади.

Баҳор Хидирова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири