Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюларини ўқидим. Ўқидиму, кўнглим тоғ қадар юксалди.

Биласизми, интервьюдан халқимизга жўшқин, ғайратли муҳаббат, халқимизни рози қилишга қаратилган азми қарор уфуриб турибди. Унда халқимизнинг барча қатламларига – боғча боласидан нуронийларимизгача алоҳида эътибор қаратилган. Ҳақиқатан ҳам, тўрт томонимизга қарасак, халқ ризолиги учун қилинган, қилинаётган амалий ишларни кўрамиз.

Олти устувор вазифадан бири сифатида  маънавият ва маърифатга алоҳида урғу берилган. Бу соҳа тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдевори эканлигини қатъий таъкидлаганлар. Бу бежиз эмас.

Тан олайлик. Маънавият ва маърифат соҳасига эътибор 30 йилда ҳозиргидек кучли бўлмаган. Бугун маънавият – иқтисодиётнинг жони мақомида эъзозга сазовор бўлди. Нега? Чунки иқтисодни кимнинг ақли, қўллари яратади? Инсоннинг. Бунинг учун унинг Инсон капитали бой бўлиши керак. Инсон капитали нима? Унинг билимлари, кўникмалари, компетенциялари ва энг муҳими – Ватанга садоқати. Унинг онги ва қалби маъно тўлса, инсон Ватан иқтисодиётини ривожлантиришга қодир руҳий қувватга эга бўлади. Акс ҳолда у бефарқ, ғайрати йўқ, завқи йўқ беғам, боқиманда бўлиб яшайверади.

Шунинг учун интервьюда давлатимиз раҳбари маънавиятни куч-қудрат, ривожланиш пойдевори, маънавият ва маърифатнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораяпти, дейдилар. Дарвоқе, шу йил март ойида иккита Президент қарори, битта Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Интервьюни ўқиган киши унда ўзига кўтаринки руҳ, ғурур ва ишонч олади. Чунки унда:

Ватанга меҳр ва садоқатни байроқ қилишга:

 Ягона халқ – Ягона миллат бўлиб бирлашишга:

Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторига қўшилишга даъват бор.

Ҳар биримизга Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида бўлиш насиб этсин.

 Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, профессор