Бундай дейишимизга асосларимиз бор, албатта.
Президентимиз ушбу массивга ташриф буюргач, биз ҳам ижодий гуруҳимиз билан Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманига йўл олдик. Бир вақтлар Қораянтоқ деб номланган маҳалла фаоллари, оддий одамлар билан суҳбатлашиб, у ердаги имкониятлар билан танишдик.
* * *
Бийдай чўлни иккига бўлиб ўтган равон йўлда машина бир маромда олға интилади. Бир қарашда саҳрони эслатадиган қум барханлари шувоқ, янтоқ каби чўл ўсимликлари сабаб қорайиб кўринади. Яқин борсангиз, баҳор нафаси теккан кунгай бетларда майсалар ниш урганига гувоҳ бўласиз. Олдинда эса виқорли тоғлар!
Саратонда ҳам қори эримайдиган тоғлар кишини ўзига оҳанрабодай тортади. Ҳа, Сурхондарёнинг табиати мана шундай мўъжизакор. Бойсунтоғ чўққисидаги қор қиш нафасини бераётган бир пайтда Термизни ёз чилласи забтига олади. Ўша пайтда чўлдаги майсалар қовжираб, эрта баҳорда қорайиб турган шувоғу янтоқлар яшил тўнини кийган бўлади.
Жарқўрғон туманининг катта қисми мана шундай чўлдан иборат. Шу боис, сувсиз чўлда асосан чўпонлар яшаган. Қум барханларидан иборат даштда қўра тиклаш ҳам осон эмас. Чунки иморат учун зарур барча нарса, ҳатто пахсадевор учун тупроқни ҳам ташиб келиш керак.
Тумандаги “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилган жой яқин-яқингача чўпонлар яшайдиган овлоқ манзил эди. Маҳалла номи ҳам шунга хос тарзда Қораянтоқ деб аталарди. Ҳозир бутунлай замонавий қиёфага кирган маҳаллани ўзига хос мўъжаз шаҳарча, десак муболаға бўлмайди. Биз ўтирган машина массив ҳудудига яқинлашар экан, аввало, маҳалланинг яшил “белбоғи”га дуч келдик. Томчилатиб суғориш тизими жорий этилган яшил майдонда турфа ниҳоллар қатор саф тортган.
— Мана шу иш пухта режа билан қилинибди, — дейди ҳамроҳларимиздан бири кўчатларга ишора қилиб. — Ёзда чўлнинг иссиғи юзни куйдиради. Дарахт кўп бўлса, массивга гармсел “бостириб” киролмайди-да!
— Маҳаллага етиб олайлик, бунга ўхшаш режали ишларнинг кўпини кўрасиз, — гапга қўшилади ёши элликни қоралаган ҳайдовчимиз Акбар ака. — Катта шаҳарларда қандай шароит бўлса, ҳаммаси шу ернинг ўзида бор.
Шу чоғ кўп қаватли уй бўлганидан кейин шаҳар шароити бўлиши аниқ-ку деб ўйлайсиз. Сўнг Президентимиз ташриф буюрган массивда замонавий ўқув маркази борлиги, янги мактаб қурилгани ёдга тушади. Ҳа, энди ҳар бир маҳаллада каттами-кичик ўқув маркази бор, мактабларнинг замонавий қиёфага кириши янгилик эмас-ку. Аммо маҳалла билан яқиндан танишар эканмиз, бундай ўйлар хато эканини, минг бора эшитгандан кўра, бир марта келиб кўриш афзаллигини англаймиз.
Айни дам маҳаллага “Янги Ўзбекистон” номи бежиз берилмаганига амин бўламиз. Чунки массивдаги ҳар бир жиҳат янги Ўзбекистон қиёфасига, ундаги ислоҳотлар руҳига уйғун. Масалан, мамлакатимизда муаммоларни жойида ҳал этишга жиддий эътибор бериляпти. Бунинг учун маҳалла тизими босқичма-босқич, аммо қисқа муддатда тубдан ислоҳ этилди. “Янги Ўзбекистон” МФЙда мана шу ишларни тўғри ташкил этиш учун барча шарт-шароит яратилган.
— Шу маҳаллада қирқ йилдан бери яшайман, — дейди маҳалла раиси Элмурод Аллиёров. — Биз ҳам мол боқиб, қирларга қўй ҳайдаб катта бўлганмиз. Охирги уч йилда маҳалламиз бутунлай ўзгариб, шаҳарчага айланди. Маҳалламизнинг биноси йўқ эди. Ҳали у, ҳали бу тадбиркорнинг биносида ижарада турардик. Тез-тез кўчишга мажбур эдик. Маҳалламиз учун барча шарт-шароитга эга замонавий бино қуриб берилди. У ерда “маҳалла еттилиги” ишлаши, очиқ, шаффоф тизимдан самарали фойдаланиши учун зарур техник имкониятлар яратилган. Анча йиллардан бери маҳалла тизимида турли лавозимларда ишлаганман. Ҳозиргидай шароит, имконият ҳеч қачон бўлмаган. Маҳалла аҳлини банд қилиш учун шу ернинг ўзида кўплаб тадбиркорлик субъектлари ишга туширилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари очилди. Бундай имкониятлардан аҳоли жуда мамнун.
Маҳаллада 68 та кўп қаватли уй қурилди. Улардаги 1,5 мингта хонадонга аҳоли кўчиб кирди. Режага кўра, кўп қаватли жами 116 та уй қурилиши керак. Ҳозир қурилиш давом этяпти. Қолган уйлар ҳам тез орада битади. Муҳими, уйларга коммунал хизмат кўрсатишнинг барчаси марказлашган тизимга эга. Бундан ташқари, поликлиника, 180 ўринли боғча, 330 ўринли мактаб қурилди. Илгари бундай шароит йўқ эди. Ўқувчилар қишда синфхонада ўтириб совуқ ерди. Ҳозир замонавий қозонхонаси бор. Хоналар иссиқ, замонавий ўқув қуроллари, зарур техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланган. Кўп қаватли уйлар учун иккита марказлашган қозонхона қурилган.
Маҳалланинг инфратузилмаси ҳам ҳавас қиладиган даражада. Илгари бу жойларда чироқ, ёруғлик йўқ эди ҳисоб. Ҳозир кўчалар чароғон. Хавфсиз йўлакни айтмайсизми! Кечки пайтларда ёшлар, нуроний отахон ва онахонлар шу йўлак бўйлаб сайрга чиқади. Энди шаҳарга бориш шарт эмас, ҳамма шароит шу ернинг ўзида муҳайё қилинди.
Янги Ўзбекистонни бунёд этиш билан бирга олдимизга Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишдек катта маррани олганмиз. Бунинг учун эса, албатта, замонавий билимларни эгаллаган, руҳияти миллий тафаккур билан бойиган авлод зарур. “Янги Ўзбекистон” массивида бунинг учун ҳам етарлича шароит яратилган. Нафақат яратилган, балки бошқаларга намуна бўладиган жиҳатлари ҳам бор. Биргина мактабдан мисол, ушбу муассаса давр талабларига тўла жавоб беради. Муҳими, мамлакатимиз сиёсатига мос равишда мактабда барча учун тенг шароит яратилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган болалар учун зарур имкониятлар яратилиб, инклюзив таълим йўлга қўйилган. Мактаб ҳовлисига кириб борар эканмиз, ўқувчи қизларга дуч келдик. Улардан бири махсус аравачада, синфдоши эса унинг ёнида қувноқ оҳангда нимадир ҳақида суҳбатлашиб кетарди. Тасодифан ўқитувчилардан ҳам аввал бизга йўлиққан бу ўқувчилар ташрифда Президентимиз билан учрашган, бирга суратга тушган ўқувчилар экан.
— Тўққиз йил уйда таҳсил олгандим. Мактабга келганимга бир йилдан ошди. Бу ерда кўп дўстлар топдим, — дейди мактаб ўқувчиси Феруза Жумақулова.
Унинг гапини синфдоши тасдиқлаб, суҳбатга қўшилади.
— Феруза мактабимизга келганига бир йилдан сал ошди. Ҳозир дарсларни бирга ўзлаштирамиз. Танаффусда ҳовлида айланиб гурунглашамиз. Унга қарашиш, кутиб олиб, кузатиб қўйиш учун махсус ўқитувчи ҳам тайинланган, — дейди синфдоши Муштарий Каримова. — Келган пайтларида ўқувчилар билан унчалик чиқиша олмасди. Мана, ҳозир дарсларни яхши ўзлаштириб, биз билан яқин дугона бўлиб кетди. Ҳатто яхши ўқигани учун шу йил она тили фанидан ўтказилган олимпиадада, билимлар беллашувида ҳам қатнашди.
Ушбу мактабда ҳозир 500 дан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Ногиронлиги бор болаларни замонавий стандартлар асосида ўқитиш учун алоҳида ёндашувлар жорий этилган. Мактабда 50 га яқин махсус мутахассис ва педагог фаолият юритмоқда. Мактаб ҳовлиси, йўлаклар, ўқув хоналари, овқатланиш, муолажа хонаси ҳамда спорт зали зарур шароитлар билан таъминланган. Мана шунинг ўзиёқ ижтимоий давлат тамойилини тўла ифода этади. Муҳими, мактабда билим олишнинг замонавий методлари жорий этилмоқда.
— Мактабимиз 2023 йил сентябрь ойидан буён фаолият юритмоқда. У 330 ўринга мўлжалланган. Инклюзив таълим ҳам йўлга қўйилган. Ушбу таълим илк йўлга қўйилганида уддалай олармиканмиз деган ҳадик бор эди, — дейди 66-мактаб директори Шаҳзода Камолова. — Чунки ногиронлиги бор болажонлар билан ишлаш, уларнинг кўнглига йўл топиш осон эмас. Ҳозир тўртта шундай ўқувчимиз соғлом болалар сингари жамиятга қўшилиб кетди. Бундан ҳамма педагоглар ва ота-оналар, ўқувчилар мамнун. Президентимиз мактабимизга ташриф буюриб, яратилган шароитлар билан танишди. Сунъий интеллект, рақамлаштириш билан боғлиқ йўналишларнинг ёшлар ҳаёти ва келажаги учун нақадар муҳим эканига эътибор қаратди. Олдимизга янги вазифалар қўйиб, бизга жуда катта ишонч билдирди.
Гап таълим ҳақида кетар экан, маҳалланинг яна бир ўзига хос жиҳатини айтиш зарур. Яъни маҳаллада хорижий тиллар ва ахборот технологиялари ўқув маркази иш бошлаган.
— Хорижда ўқиб келиб, туманимиз марказида кичик ўқув маркази очиш билан фаолият бошлаганман, — дейди ўқув маркази раҳбари Йигитали Абдуллаев. — Юртимизга қайтиб келиб иш бошлашимга янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар сабаб бўлган. Шундан кейин ўқув марказимизни аста-секин кенгайтириб бордик. 2025 йилда 6,5 миллиард сўм ҳисобига ушбу массивда ўқув маркази барпо этдик. Мажмуамиз 400 ўринга мўлжалланган. Унда йилига 2 мингдан ортиқ ёш таълим олиши, лойиҳалар устида ишлаши мумкин. Марказимизда 200 га яқин ўқувчи компьютер саводхонлиги ва “front-end” йўналишларини муваффақиятли якунлаб, сертификат олди. Бундан ташқари, 150 га яқин ўқувчимиз IELTS имтиҳонларида В2 ва ундан юқори натижаларни қайд этди. Марказда 20 га яқин мутахассис фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари марказимизга ташриф буюриб, шароитлар билан танишди. Бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ўқув марказлари уюшмасини ташкил этиш таклифи билдирилди. Бу ўқув марказларига жуда катта имкониятлар яратади. Улар бир-бири билан бевосита тажриба алмашиш имконига эга бўлади. Ютуқлар рағбат олиб, республика миқёсида оммалаштирилади. Буларнинг барчаси юртимизда илм-фанни ривожлантириш учун бажарилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат. Президентимиз ёшларга хориж тилларини ўргатиш, замонавий билимларни бериш билан бирга уларни миллий урф-одат ва қадриятлар руҳида, ватанпарвар қилиб тарбиялаш вазифасини ҳам қўйди. Очиғи, бу жиҳат бизни жиддий ўйлашга, ўзига хос тайёргарлик кўришга ундади. Чунки миллий тафаккурни ёшлар онгига чуқур сингдириш ўқитувчилардан шунга муносиб тайёргарликни, махсус ўқув қўлланмалар яратишни талаб этади. Ҳозир шу каби муҳим вазифалар ижроси ҳақида изланишни, амалий ҳаракатларни бошладик. Хусусан, ахборот технологиялари йўналишида 500 дан ортиқ мутахассис тайёрлаш, 50 та янги иш ўрни яратиш ва хусусий мактаб очиш ҳаракатидамиз.
Янги Ўзбекистондаги яна бир муҳим ислоҳотлардан бири, ҳеч шубҳасиз, аҳоли хавфсизлиги, тинч ва осуда маҳалла муҳитини яратиш масаласидир. Маҳаллада бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, маҳалла ҳудуди катталиги ҳисобига икки нафар профилактика инспектори фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, массивда “маҳалла муҳофазаси” хизмати ташкил этилган. Энди маҳалла раиси ва бошқа масъуллар куз-қиш мавсумида хавфсизлик масаласини уйма-уй юриб, аҳолига тушунтиришга мажбур эмас. Улар ўзининг асосий вазифаси — аҳоли масалаларини ҳал этиш билан шуғулланади. Хавфсизлик масаласи эса маҳаллага бириктирилган инспектор зиммасида.
— Ҳозир маҳалламизда 2020 та хонадон бор. Уларда 8 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди профилактика инспектори Оғабек Аллабердиев. — Аввал ҳудуддаги осойишталикка фақат маҳалла раиси ва профилактика инспектори масъул деб қараларди. Ҳозир нафақат маҳалла, балки туман, вилоят, республика даражасидаги раҳбарлар ҳам қуйи бўғинга тушиб, фуқаробай, хонадонбай ишларни ташкил этмоқда. Натижада маҳалламизда сўнгги икки йилда жиноят содир бўлмади, “яшил” тоифага кирди. Маҳалла ҳудудида 78 та камера ўрнатилган. Шундан 44 таси юзни таниб олиш имконига эга, 4 таси автоматик рўйхатга оладиган, 30 таси кузатув камераcидир. “Хавфсиз йўлак”, “хавфсиз хонадон” тамойиллари ҳам амалда. Қўриқлаш хизмати ҳам йўлга қўйилган.
Янги Ўзбекистондаги яна бир муҳим ислоҳот бу, ҳеч шубҳасиз, аҳоли даромадини ошириш, камбағалликни қисқартиришдир. Қолаверса, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя масаласи ҳам муҳим. Мазкур масалаларга ҳам маҳалланинг ўзида ечим берадиган лойиҳалар ишлаб чиқилган. Хусусан, 7 та микромарказ ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти қурилган. “Янги ёшлар” бошқарув сервис компанияси иш бошлаган. Эътиборлиси, компания тумандаги 161 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Шундан 54 таси мазкур массивда жойлашган. Бу ҳам қўшимча иш ўрни, ҳам сифатли хизмат дегани. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар томига 5-15 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилгани эса табиатни асраш, “яшил” энергияга ўтишдаги ислоҳотларга уйғундир.
Бундан ташқари, ичимлик сув, иссиқлик тармоқлари, 3 километрга яқин газ қувури тортилган. Шу ерда 250 киловаттли трансформатор ўрнатилган. Қолаверса, 4,5 гектарга манзарали ва мевали дарахтлар, дашт ҳудудидаги 300 гектар майдонга эса саксовул ўсимликлари экилган. Муҳими, келгусида бу ерда яна 50 га яқин уй қурилади. Жумладан, жорий йилда яна 14 та (280 хонадонли) кўп қаватли уй-жой, янги йўллар қурилиши, кўкаламзорлаштириш ҳамда истироҳат боғи барпо этилиши режалаштирилган. Айни дамда қурилиш ишлари давом этмоқда.
Маҳалла билан танишиб, унинг яшил йўлаклари, гулга бурканган кўчалари оралаб ортга қайтишга шайланар эканмиз, юзидан нур ёғилиб турган нуронийга дуч келдик. Отахон эпчиллик билан биздан олдин салом берди.
— Биздан ҳам гап олинг-да, ука, раҳматимизни, шукронамизни эл билсин, — дейди меҳнат фахрийси Абдуллахон Турсунов журналист эканимизни билгач. — Маҳалламиз аҳолиси шаҳарга ва бозорни излаб узоққа боришига ҳожат йўқ. Бир қадам қўйинг, ҳаммаси муҳайё. Илгари бундай овлоқ жойларда мана шундай шаҳарча қурилади, деса биров ишонмасди. Эшитдингизми, Тошкентдан келадиган поезд йўли ҳам замонга мосланаркан. Энди 14 соатда келадиган поезд 7 соатда етиб келармиш. Поездимиз ҳам ислоҳотларимиздай тезлик оларкан деб хурсанд бўлиб ўтирибмиз.
Отахоннинг дуосини олиб ортга қайтарканмиз, ҳамроҳларимиз юзида мамнунлик балқийди. Улар ҳам биз каби бу маскандан олис кетгиси келмаётгандай ортига, қум барханлари аро қад ростлаган баланд бинолар, замонавий тадбиркорлик субъектларидан кўз узмайди. Ортимиздан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилган ниҳоллар хўшлашиб қўл силтаётгандай кўринади.
Йўлдошларнинг суҳбати беихтиёр Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи, шу муносабат билан бошланган катта ислоҳотларга уланиб кетади. Кимдир воҳа катта саноат майдонига айланиб бораётганини эслайди. Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 63,7 триллион сўмга етганини мақтанади. Йирик саноат корхоналари қарийб 30 тага, кичик корхоналар 4820 тага етказилгани, улардаги маҳсулотлар хорижга ҳам сотилаётгани қизғин муҳокама мавзусига айланади.
“Эй, экспорт майли, лекин чекка бир вилоятга 2,1 миллиард доллар қийматидаги хорижий инвестиция ўзлаштирилганига нима дейсиз”, гапни илиб кетади яна бир ҳамроҳимиз. У гапининг тасдиғи учун давлатимиз раҳбари ташриф давомида умумий қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга туширганини ҳам эслайди.
— Буларнинг барчаси иш ўрни, даромад, Сурхондарё учун пул дегани, — дейди оғир-босиқ бўлиб келаётган ҳайдовчимиз. — Менимча, ичимлик сув эсдан чиқмайдиган иш бўлди. Тўпаланг сув омборидан Термизгача тоза ичимлик сувни олиб келиш тарихий иш!
Тағин гап томорқа мактабига уланади. Энди ҳамроҳлар деҳқонлар ҳам илм билан иш кўриш керак экани, Сурхондарёда бу борада катта имкониятлар борлигини муҳокама қилади. Елдек кетиб бораётган машина ойнасидан ташқарига қараймиз. Икки ён баланд қум барханлари. Улар саҳродаги карвон йўлини эслатади. Неча асрлар олдин, Буюк ипак йўлидан аввал ҳам бу ерда карвон йўллари бўлган. Улардан бири “Ложувард йўли”дир.
Бронза даврига (мил. авв. III-II минг йилликлар) оид бу йўлнинг бир тармоғи Бадахшон, Бақтрия ва Марғиёна ҳудудларини Хоразм, Сўғд, Марказий Қозоғистон ва Урал билан, яна бир тармоғи эса Бақтрия ва Марғиёнани Месопотамия билан боғлаган. Йўл номи Бадахшон ложуварди билан боғлиқ. Ана шу йўл қадим Термиз ривожига ҳисса қўшган. Ёки Термиз тараққий этган шаҳар бўлгани учун карвон йўли шу ҳудуддан ўтган. Бу иккиси бир-бирига чамбарчас боғлиқ.
Эҳтимол, иккинчи тахмин ҳақиқатга яқин. Зеро, бугун ҳам янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, кенг имкониятлар дунё аҳлини Марказий Осиёга чорламоқда. Бу эса бизни ложувард каби замонавий карвон йўлига муносиб ҳисса қўша олиш салоҳиятимиз борлигини англатади.
Янги Ўзбекистон бундай натижага ўтган 10 йил давомида тинимсиз меҳнат, изланиш орқали эришди. Бунинг қанчалик катта натижа келтираётганини Сурхондарёдаги ислоҳотлар, янги белгиланган марралар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Шу ўринда шоир Шодмонқул Саломнинг қуйидаги мисралари ёдга тушади:
Ҳазрат Султон чўққисида эриган қор,
Термизийнинг зиёратин қилар бажо.
Икки тоғнинг орасида бир осмон бор,
Кўкрагимни тўлдиргандир ўшал ҳаво.
Боботоғдан Бойсунтоққа учар лочин:
Менинг мангу ҳайратимсан, Сурхондарё!
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,
Сарвар ТЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбирлари