Халқаро медиа-холлда «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари ва амалга оширилган ишлар хусусида брифинг бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозим, мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари ҳам ниҳоясига етмоқда. Миллий тикланиш» демократик партияси сайловолди тарғибот тадбирларида барчани Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида партия томонидан илгари сурилаётган «Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартирамиз» деган ҳаётбахш ғоя атрофида жипслаштиришга алоҳида эътибор қаратган. Шу мақсадда Марказий кенгашда махсус штаб тузилди ва унинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида 5 та гуруҳ ташкил қилинди.

Сайловолди дастурини тайёрлаш бўйича сиёсатшунос, ҳуқуқшунос, иқтисодчи олимлар, тадқиқотчилар ҳамда партия фаолларидан иборат экспертлар гуруҳи тузилди. Партиянинг 2015-2016 йилларда бўлиб ўтган Президент сайловидаги иштироки, партиядан кўрсатилган номзодларнинг Сайловолди дастурлари ўрганилди. Президентликка номзод ва унинг Сайловолди дастурини ташвиқот қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳи томонидан номзоднинг сайловдаги иштироки юзасидан стратегия ҳамда самарали ташвиқотни амалга оширишга қаратилган кенг қамровли медиа-режа, PR стратегия ишлаб чиқилди.

Партиянинг барча ҳудудий Кенгашлари қошида кўмак тарғибот гуруҳлари тузилди. Улар томонидан партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилаётган номзодни қўллаб-қувватлаш бўйича тарғибот тадбирлари олиб борилди. Партиянинг сайловда янги имижда иштирок этишини таъминлаш мақсадида дизайнерлар, рассомлар ва бошқа мутахассислар иштирокида партиянинг янги логотипи, байроғи лойиҳалари устида ишланди ва мутахассис, экспертларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари асосида «Миллий тикланиш» логоси ребрендинг қилинди.

Партиянинг бош нашри – «Миллий тикланиш» ижтимоий-сиёсий газетасининг 8 та махсус сони чоп этилиб, 1 миллион ўқувчига тарқатиш режаси ишлаб чиқилди. Шу кунгача газетанинг сайлов кампаниясига бағишланган 300 мингдан зиёд нусхадаги газета энг чекка ҳудудларга ҳам бепул тарқатилди. Номзод тарғиботига бағишланган махсус сон эса 100 минг нусхада аҳолига бепул етказиб берилди.

Сайловга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир сайлов участкаси бўйича партиянинг ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотлари томонидан кузатувчи ҳамда ваколатли вакилларга номзодлар рўйхати шакллантирилди.

Брифингда сўзга чиққанлар номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлади. Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, ишончли вакиллар партия ташкилотлари томонидан мустақил равишда ўтказилди. Хусусан, тарғибот даврида номзод томонидан 14 та ҳудудда учрашувлар ўтказилиб, уларда жами 6500 нафардан ортиқ сайловчи иштирок этган. Номзоднинг 15 нафар ишончли вакиллари томонидан шаҳар ва туманларда 240 тага яқин сайловолди учрашувлар ташкил этилиб, уларда жами 300 мингдан ортиқ сайловчи қамраб олинган.