Бу ҳақда Президентининг "Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (ПҚ–50-сон, 09.02.2026 й.) да белгиланди.
Қарорга кўра, қуйидагилар Навоий халқаро аэропортида лойиҳавий бошқарув тамойилларини жорий этиш натижасида эришиладиган асосий мақсадли кўрсаткичлар этиб белгиланди:
2030 йилга келиб:
- аэропортда амалга оширилаётган парвозлар сонини 2,3 баробарга ошириб, йилига 7 мингтага етказиш;
- йўловчи ташиш ҳажмини йилига 150 минг нафарга ҳамда юк ташиш ҳажмини 45 минг тоннага етказиш.
“Навоий халқаро аэропорти” МЧЖ ижро этувчи органига қуйидагиларни мустақил равишда амалга ошириш ҳуқуқи берилади:
ўз даромадлари ҳисобидан авиация хизматлари экспортини оширишга қаратилган қўшимча хизматлар турларини кенгайтириш;
ҳаво кемаларига авиаёнилғи қуйиш ва хорижий авиаташувчилар томонидан олиб келинган авиаёнилғини сақлаш бўйича жаҳон авиация бозори конъюнктурасига мос тарифларни белгилаш.