Брифингда Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолкьлори институти томонидан ўзбек тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Тадбирда қайд этилганидек, ўзбек тилининг мавқеини тубдан ошириш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан бир нечта қонун-ҳужжатлари имзоланди. Мазкур ҳужжатлар ижроси бўйича Фанлар академияси томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:
“Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”ни яратиш ва нашр этиш бўйича Фанлар академияси ишчи гуруҳи тузилди. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган луғатларни ўрганиб, таҳрирлаб ҳамда бадиий асарлардан синонимларни ва унга оид мисолларни излаш давом этмоқда. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўлдирилган янги нашри мазкур луғатнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги дастлабки нашри ҳисобланади. Ҳозирги кунга қадар луғатни тайёрлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “UNICON.UZ” – Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонаси томонидан нашрга тайёрланган “Сунъий интеллектга оид атамаларнинг ўзбекча-русча изоҳли луғати” Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тилшунос олимлари томонидан таҳрир қилиниб, тегишли тавсиялар UNICON.UZ ташкилотига тақдим этилди ва луғат қайта кўриб чиқилмоқда. “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати” ҳамда “Ўзбек тилининг катта имло луғати” нашрга тайёрланди.
Ҳозирги кунда “Ўзбек тили синонимлари луғати” бўйича мавжуд бўлган луғатлар ўрганилиб, таҳрирланмоқда ҳамда бадиий асарлардан синонимларни ва унга оид мисолларни излаш давом этмоқда.