Жорий йилнинг 23 январь куни, Ўзбекистон Бадиий академиясининг барча замонавий стандартларга мос равишда жиҳозланган янги “Академия” галереяси ўз фаолиятини бошлади ва мўйқалам усталарининг “Фикрлар парвози” деб номланган ҳисобот кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Ушбу тантанали тадбирлар, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил этилганининг 24 йиллигига бағишланди.
-Кўргазмада намойиш этилаётган рассомларимизнинг асарлари Ўзбекистон тасвирий санъатининг олтин мероси ҳисобланади. Юқори малакага эга бўлган, иқтидолир уста ижодкорларимиз ўз ижодхоналарида, пленэрларда самарали ижод қилмоқдалар. Шу билан бирга, таълим муассасаларида фаолият олиб бориб ўз ижодий тажрибаларини ёш авлодга, барча кўнгиллиларга маҳорат дарслари орқали етказишни ҳам унутганлари йўқ, – дейди Ўзбекистон бадииий академияси раиси Акмал Нуриддинов. – Бу янги бино эзгулик ва яхшилик йўлида халқимизга хизмат қилиш билан бирга ижодкорларимизнинг ижодий жараёнларида, улкан ютуқларни қўлга киритишларида уларга рағбат бағишловчи нурли ва истиқболли қадам бўлади.
“Фикрлар парвози” ҳисобот кўргазмаси ҳам нафақат Бадиий академия янги галереясининг безаги, балки мамлакатимиз маданий ҳаётида муҳим воқеага айланди. Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоларининг ҳисобот кўргазмаларини ўтказиш чиройли анъанага айланиб бормоқда. Кўргазмада намойиш этилаётган рассомларимизнинг асарлари Ўзбекистон тасвирий санъатининг олтин мероси ҳисобланади.
Кўргазмада тақдим этилаётган академикларнинг ижоди тасвирий санъатнинг турли жанрларида бўлиб стилистик ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Рантасвир, графика, миниатюра, ҳайкалтарошлик, фото ва амалий безак санъатининг усталари ўз асарлари орқали асл санъатдан баҳраманд бўлиш ҳамда буюк устозлардан сабоқ олишдек ноёб имконият яратиб томошабинларни мамнун этмоқдалар.
“Фикрлар парвози” ҳисобот кўргазмаси нафақат Ўзбекистон Бадиий академияси янги галереясининг безаги, балки мамлакатимиз маданий ҳаётида муҳим воқеага айланди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА