Қарорга кўра, қуйидагилар ташкил этилади:
- “Баркамол авлод” республика болалар мактаби ҳамда Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида Республика “Келажак” маркази;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) “Баркамол авлод” болалар мактаблари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) “Келажак” марказлари;
- Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари “Келажак” марказлари ҳузурида болалар сайёҳлик базалари.
“Келажак” марказларининг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш мақсадида ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
Мактаб маслаҳатчиси лавозим маоши умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади.
2026 йил 1 сентябрдан менежерлик сертификатига эга мактаб маслаҳатчиларига лавозим маошига тегишлича ҳар ойлик 30 фоиз миқдорида қўшимча устамалар тўланади.
Қарорга кўра, “Келажак” марказларига қуйидагиларга рухсат этилади:
- шартнома асосида малакали мутахассислар ҳамда нодавлат ўқув марказларини жалб этган ҳолда тўгараклар ташкил этиш;
- ота-оналар бадали тўловини ота-оналар билан келишган ҳолда республика бўйича белгиланган минимал миқдорларга нисбатан ошириш.
2026 йил 1 январдан “Келажак” марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўловининг минимал миқдорлари қайта кўриб чиқилади.
“Келажак” марказлари контингент сони бўйича иккита гуруҳга ажратилади.
Бунда контингент сони 600 нафаргача бўлган “Келажак” марказлари – II гуруҳга, 601 нафар ва ундан ортиқ бўлганда – I гуруҳга тегишли ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) “Келажак” марказлари фаолияти қуйидагича ташкил этилади:
- марказлардаги тўгараклар фаолияти замонавий ва ягона дастур асосида тегишли йўналишларга босқичма-босқич ихтисослаштирилади;
- инклюзив тўгаракларга жалб қилинган педагогларга меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида ҳар ойда устама ҳақ тўланади.