Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ва АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлигининг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тренингда Судьялар олий мактаби ўқитувчи ва масъул ходимлари ҳамда Жиззах вилоятидаги судьялар ва суд ходимлари иштирок этишди.
Тадбир давомида иштирокчилар суд этикасининг долзарб масалалари, хорижий давлатларнинг суд этикаси бўйича қонунчилиги ва амалиёти, Судьялар одоб-ахлоқ қоидаларига оид ишлаб чиқилган ўқув қўлланма билан таништирилди ҳамда тажриба алмашилди.
Тренинг иштирокчиларига “Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси” ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган юксак одоб-ахлоқ талаблар белгилаши, ушбу талабларга барча судья ва суд ходими риоя қилиши лозимлиги, ушбу Кодекс судьялар ваколатини амалга оширишга ҳақлилиги ва судьялик мақомига муносиблигининг муҳим шарти эканлиги тушунтирилди.
Одил судлов ва судьялар одоб-ахлоқи соҳасидаги халқаро стандартлар, “Судьяларнинг одоб-ахлоқига оид Бангалор принциплари”, судьяларнинг мустақиллиги ва холислиги принципи, судьялар ва суд ходимлари фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлишлари, ҳамда судлар томонидан чиқариладиган қарорлар беғараз бўлиши, ҳозирги давр талаби сифатида судьяларнинг ҳалол ва пок бўлишлари лозимлиги ҳақида маълумотлар амалиётдан мисоллар келтирилган ҳолда тушунтириб ўтилди.
Тренинг иштирокчилари томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар, судьяларнинг мустақиллигини таъминлашдаги кафолатлар, судьяларнинг фуқароларни рози қилиш ҳамда суд ишларини адолатли кўриб чиқишни янада такомиллаштириш чоралари, амалиётдаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Тренинг интерактив машғулотлар кўринишида давом этиб, иштирокчиларга судьялар фаолияти давомида бошқарув маҳорати, ишчанлик мулоқоти ва вужудга келадиган турли стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш, иш жараёнларини тўғри ташкил этиш ва оқилона хулосалар чиқариш салоҳиятини ошириб боришга оид касбий кўникмаларини шакллантириш учун нималарга эътибор қаратиши лозимлиги каби керакли маълумотлар берилди.