Мурожаатида А.Н. вояга етмаган фарзанди Қумқўрғон туманида жойлашган мактабгача таълим муассасасига қатнашини, боғча биноси яқинда қурилган бўлса-да, ичимлик суви билан таъминланмаганлиги, бинода совитиш тизимлари йўқлиги, ёз кунларида хоналар ҳаддан зиёд иссиқлиги, бу эса болалар соғлиғи учун хавфли эканлиги, шунингдек, муассаса ҳовлисидаги барча дарахтлар ҳам суғоришсиз қуриб қолганини билдирган.
Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилди.
Ўрганиш давомида мурожаатдаги ҳолат тасдиғини топиб, мактабгача таълим ташкилоти хоналарига 4 дона совиткич техникаси ўрнатилди.
Шунингдек, боғчада ичимлик суви сақланадиган 4 тонна сиғимидаги махсус иншоот тоза ичимлик суви билан тўлдирилиши таъминланди.
Шу билан бирга, муассаса жойлашган ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб бориш ва дарахтларни суғориш учун сув мавжуд эмаслиги сабабли дарахтлар махсус техника орқали олиб келинадиган сув билан суғорилиши маълум бўлди.
Ҳозирда ҳудудий бюджетдан 2024 йил харажатлар сметасига мазкур давлат мактабгача таълим ташкилотига маблағ ажратилиши ва 980 метр узоқликдан тоза ичимлик суви қувури тортилиб, боғча тоза ичимлик суви билан таъминланиши режалаштирилган, бунинг ижроси устидан вилоят прокуратураси назорат олиб боради.