Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтидан маълум қилишларича, таҳлил UN Comtrade маълумотлар базасидаги иккита индекс - RCA ва LFI ни ҳисоб-китоб қилиш асосида амалга оширилди (RCA - аниқланган қиёсий устунлик индекси, LFI - бу қиёсий устунликни соф савдо оқимларига бўйича маълумотлар асосида ҳисоблайдиган товар индекси).
Ҳисоб-китоблар учун Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН)нинг 2017-2021 йиллар оралиғидаги 6 та қийматли коди кўрсаткичлари асос сифатида олинди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон товарларининг ташқи бозорда аниқ қиёсий устунликка эга бўлган 36 та ва қиёсий устунликка эга бўлмаган 58 та гуруҳи аниқланди. Товарларнинг қолган 33 та гуруҳи бўйича қиёсий устунликнинг мавжудлиги ёки йўқлиги аниқ эмас ва улар бозор шароитига боғлиқ.
2017-2021 йилларда жаҳон бозорида энг катта қиёсий устунликка эга бўлган маҳсулотлар 10 талигига ловия, ўрик, хурмо, майиз, олхўри қоқи, гилос, туршак, олма қоқи, қисқа муддат сақлаш учун мўлжаллаб консерваланган, лекин бу шаклда озуқа сифатида истеъмол қилиш учун яроқсиз бўлган бошқа сабзавот ва ўсимлик аралашмалари киради.
Ўтказилган тадқиқот жаҳон бозорида асосан сарҳил мева-сабзавотлар ёки чуқур қайта ишланмаган маҳсулотлар рақобатбардош эканлигини кўрсатди. Кейинги босқичда мева-сабзавотлар ва уларни қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, дейилади институт хабарида.