Шукрки, йилнинг тўрт фасли ўз вақтида келадиган, қуёш нурларини аямай таратадиган, она ер тотли неъматлари билан беминнат сийлайдиган жаннатмонанд юртда яшаймиз. Унумдор тупроқларимизда пишиб етилган мева-сабзавотлар қишин-ёзин дастурхонларимизни тўлдириб, деҳқонларимиз хирмонига барака беради.
Бугун бозорларимизга етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда нафақат деҳқон ва фермерлар, балки аҳолининг ҳам бевосита ҳиссаси ортиб бормоқда. Сўнгги йилларда Президентимизнинг аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишига оид бир қатор қарорлари асносида мазкур йўналишга кенг имтиёзлар ажратилиб, одамларга зарур кўмаклар бериб келинмоқда. Натижада ўз томорқасида экин-текин экиб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.
Жумладан, 2020 йилнинг баҳор ойларида 4,5 миллиондан зиёд аҳоли томорқаларида 306,1 минг гектар эртаки экинлар, 228,7 минг гектар такрорий (ўртаки) экинлар, 162,6 минг гектар майдонга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши таъминланиб, жами 10,1 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.
Томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган миришкор деҳқонларимизнинг сони йилдан-йилга ошиб боришида томорқа билан ишлайдиган, аҳолига моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштирадиган ва экин экишни назорат қиладиган тизим яратилиб, ҳудудларда “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятининг йўлга қўйилгани ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Бундай корхоналар фаолиятининг илк куниданоқ аҳолига кўмакчи бўлиб, одамларнинг томорқаларга экин экиб, олинган ҳосилни харидорга етказгунига қадар уларга кўмакдош бўлиб келмоқда. Жойларда аҳоли томорқа ерларини шудгорлаш, зарур уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хонадонларга ихчам иссиқхона қуриб бериш, эчки, қуй, парранда, асалари уялари, қуён етказиб бериш каби хизматларни “Томорқа хизмати” корхоналари орқали ташкил этиш йўлга қўйилди.
Ўз навбатида, халққа хизмат қилиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган бундай корхоналар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағлари, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан уларнинг моддий-техник базаси мустахкамланди. Натижада кўпгина “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг имкониятлари кенгайиб, 81 та шундай тузилма аҳоли томорқаларида етиштирилган сабзавотларни ички бозорларимиздан ташқари, хорижга экспорт қилишга эришди. Хусусан, Самарқанд вилоятидаги “Челак томорқа хизмати” МЧЖ 2 926 АҚШ доллар миқдорида кўкат, пиёз, дуккакли ва мойли экинлар, “Зангиота томорқа хизмати экспорт” МЧЖ 2 617 АҚШ доллар миқдорида пиёз, қалампир, сабзавот маҳсулотларини, “Қашқадарё вилояти “Кўҳна воҳа томорқа хизмати” МЧЖ эса 1 045 АҚШ доллар миқдорида сабзавот, қуритилган мевалар, полиз маҳсулотларини Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Россия, Латвия каби 10 дан ортиқ давлатларга экспорт қилишни йўлга қўйди.
Мақсад — биргаликда ўсиш!
Бугунги замонавий қишлоқ хўжалигида сифатли ва экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг самарали усулларидан бири кластер ташкил этиш ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган бу тизим ўзини тўла оқлаяпти, десак муболаға бўлмайди. Шу жиҳатдан, томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, дўконларга етказиб бериш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш жараёнларини умумлаштирадиган “Томорқа хизмати” кластерлари фаолиятини йўлга қўйишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Забонимизга инглиз тилидан кириб келган “кластер” атамаси сўзма-сўз таржима қилинганда “биргаликда ўсиш”, деган маънони англатади. Мазкур тизимга “ягона занжирда айланадиган тараққиёт” таърифи ҳам берилади. 20-асрнинг охирларида кластерларга рақобатбардошликни оширишнинг самарали воситаси сифатида қизиқиш ортди. Вақт ўтиши билан кластер усулида ишларни ташкил этиш корхоналар ўртасида рақобат муҳитини яратиб, аҳолининг турмуш даражаси ўсишига хизмат қила бошлади.
Мамлакатимизда ўтган йилдан бошлаб ўзида 12 та фаолият йўналишини мужассамлаштирган “Томорқа хизмати” кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш тажрибаси амалиётга жорий этилди. Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республика бўйича 20 та “Томорқа хизмати” МЧЖ негизида кластер корхоналари ташкил этилиб, уларга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғармадан 48 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Мазкур кластерлар фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқароларга қатор қулайликлар яратмоқда. Корхона-кластерлар ҳар бири 12-15 минг аҳоли хонадонлари билан шартнома тузган ҳолда, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилган махсулотларнинг ўз истеъмолидан ортган қисмини сотишга кўмаклашиш, сақлаш, қайта ишлаб, ички бозорларда сотиш ҳамда экспортга чиқариш бўйича фуқароларга яқиндан кўмак бермоқда. Бундай корхоналар аҳоли давромадларини ошириш билан бирга, одамларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Хусусан, ҳар бир кластерда ўрта ҳисобда 40-45 та доимий, 350-400 та мавсумий иш ўринлари яратилади.
Айни пайтда ижобий натижа бераётган “Томорқа хизмати” кластерларини ташкил этиш тажрибасини 2021 йилда ҳам фаол давом эттириш кўзда тутилган. Хусусан, Амударё, Бўзатов, Балиқчи, Қўрғонтепа, Шахрисабз, Ғузор, Охангарон, Бўка каби республикамиздаги мева-сабзавот кўп етиштириладиган 32 та туманда кластерлар фаолияти йўлга қўйилади. Бу борадаги ишларни амалга ошириш учун Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма ҳисобидан 58 миллимрд сўм маблағ ажратиш белгиланган.
Мазкур тизимли ҳаракатлар деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини кластерларга бириктириб, улар ўртасидаги ўзаро иқтисодий-ижтимоий муносабатларни барқарорлаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш ҳажмини ошириш, аҳолининг қўшимча даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, муҳими, халқимиз дастурхонига сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилади.
Фахриддин СУЮНОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон
хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи