Президентимиз яқинда Фарғона вилоятига сафари давомида “Global Textile Solutions” пахта-тўқимачилик кластери билан танишар экан, барча вилоятлар ҳокимларига мазкур корхона тажрибасини ўрганиб, ўз ҳудудларида қўллаш бўйича топшириқ берган эди.
Шундан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев бошчилигидаги расмий делегация ушбу кластерга ташриф буюрди. Делегация таркибида нафақат Қорақалпоғистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ва вилоятлар ҳокимлари, балки уларнинг инвестиция ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, тижорат банклари раҳбарлари ҳам бор эди.
Меҳмонларга дастлаб Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси “Global Textile Solutions” мисолида кластерларда амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг корхона бўяш цехи ва матолар сифатини назорат қилиш лабораторияси, янги қувватлар билан танишдилар.