Президент Шавкат Мирзиёев халқимизнинг дунёқарашида азалдан мустаҳкам ўрин эгаллаган бағрикенглик тамойили тўғрисида бундай дейди: “Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”.

 Мана шу бағрикенглик яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун мисолида яна бир бор ўзини намоён қилди.

Ўзбекистонда тарихан шаклланган динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитини асраб-авайлашда ушбу қонуннинг аҳамияти жуда катта. Қонунни тайёрлашда халқаро меъёрлар ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олингани шундан дарак беради.

 Қонун мазмунида давлатимиз сиёсатининг моҳиятида инсонпарварлик мужассамлигини, одамларнинг диний ҳис-туйғуларига ҳурматни яна бир бор кўрдик. Зеро, барча динлар асосида инсонни улуғлаш, унга меҳр, муносиб иззат-ҳурмат кўрсатиш ғоялари ётади. Бунинг ҳикматини ҳазрат Алишер Навоий бизга мана бундай тушунтириб кетган:

Ганжинг аро нақд фаровон эди,

Лек боридин ғараз инсон эди.

Барчасини гарчанд латиф айладинг,

Барчадин инсонни шариф айладинг.

Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратиб бериш, динлараро ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида ­эътибор қаратиб келинмоқда.

2018 йил 12 декабрь куни Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш борасида билдирган ташаббуси тузилмага аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва  қабул қилинди. Чунки унда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро бир-бирини англашга, қадрлашга даъват бор. Ўтган уч йил бу ҳаётбахш даъват ширин меваларини берди.

Буларни кўрмаслик — кўролмаслик, шукронасини айтмаслик — ношукрлик бўлади. Рақамларга қаранг: 1991 йилда 350 киши ҳаж ибодатини амалга оширган. 2018 йилда ҳожиларимиз сони 7350 нафарга етди. Илгари Умра билан боғлиқ қанча ташвишу тақиқлар бор эди? Улар бугун йўқ.

Нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам ўз муқаддас қадамжоларини бирор монеликсиз, эмин-эркин зиёрат қилмоқда. Бу юртимиздаги барча дин вакилларига, уларнинг эътиқодига давлатимизнинг чуқур ҳурмати изҳори эмасми?

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро тадқиқот марказлари ташкил этилди. Калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослашган 5 та илмий мактаб ишлаб турибди. Ислом динини бу қадар чуқур ўрганиш ва унинг маърифатига бу қадар эъзоз қачон бўлган?

Диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган ўн минглаб фуқаролар “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Ўзбек давлати уларни фарзандим, деб бағрига босди. Афв этди. Уларнинг қайта жиноят йўлига кирмасликларига ишонди. Маънавий, моддий қўллаб-қувватлади.

Бир эмас, бешта “Меҳр” операцияси ўтказилиб, маъюс кўзларидан қонли ёшлар оқаётган, алданган, умидсиз ўзбек қизлари, уларнинг етим ўғил-қизлари Ватанга олиб келинди.

Давлатимиз жону тани бир мол баҳосида сотилган қизларимизнинг кўз ёшларини артди. Уларни ювиб-тараб, одам шаклига қайтариб, ота-она бағрига келтириб қўйди. Буни ҳар биримизнинг икки кўзимиз кўриб, икки қулоғимиз эшитди. Буни нафақат Ўзбекистон, балки жумлаи жаҳон кўрди.

Ўзбекистон — кўп миллатли мамлакат. Юртимизда 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил яшаб келади. Улар диний эътиқодидан қатъи назар, янги Ўзбекистон равнақи йўлида елкама-елка меҳнат қилмоқда.

Бағрикенглик нима? Бағрикенглик фозил одамларга хос сифат. Қайси бир мамлакатда сиёсат ана шу тамойилга таянса, турли дин, маданиятларга мансуб аҳоли вакиллари ўзаро аҳил-иноқ яшайди. Аксинча, фисқу фасод, кўнгли торлик, кибр, манманлик, очкўзлик устувор бўлса, бунинг акси бўлади. Натижада ҳаммадан хайру барака қочади. Одам одамга ёвсираб, бегона кўз билан тикилади. Хотиржамлик тарк этади бундай элни.

Шунинг учун шоир Умарқул Пўлкан барчамизни огоҳлантиради:

Оқ кўнгил одил одам

Эл бахтини сўзлайди.

Қинғир киши ҳар қайда

Тирноқдан кир излайди.

Она Ватанни севиш, унга меҳр бериш, уни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш азалдан ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб, қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас туйғу. Бунга барчамизнинг қулоғимизда қолган суюкли эртак ва достонлар гувоҳ. Алпомиш, Қирққиз ёки Гўрўғли туркумига кирувчи достонларни олайлик. Бу ўлмас асарлар қайси тилда ёзилишидан қатъи назар, барчамизники.

Чунки уларда ғоя, мақсад ҳам, пировард натижа ҳам ягона Ватан деган нуқтадан бошланиб, шу нуқтада тугайди. Зеро, бизда мақсад бир (тинчлик ва осойишталикни сақлаш), ғоя бир (Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари), Янги Ўзбекистон — Ватан танҳодир!

Жонажон Ўзбекистонимизда миллий ва диний бағрикенглик ҳукм сурмоқда. Бағрикенглик турли миллат ва элатга дахлдор кишиларнинг, турли диний эътиқодли инсонларнинг бир замин, ягона Ватан, бир юртда, бир ҳудудда олижаноб ғоя, орзу-умид, мақсад ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.

Келинг, мана шу таърифни тафсир қилиб кўрайлик. Хўш, турли миллат ва элатга дахлдор кишиларни, турли диний эътиқодли инсонларни нима бирлаштиради? Олижаноб ғоя, орзу-умид, мақсад ва ниятлар. Улар бугун нимада мужассам? Миллий ғоямизда.

Кимнинг миллий ғояси? Турли миллат ва элатга дахлдор, турли ­диний эътиқодли инсонларнинг миллий ғояси.

Бунинг учун биз қандай яшашимиз керак? Ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб. Бу сўзларнинг туркий ўзбекчаси бир-бирига қўлдошлик, бирга ишлаш, бирга ўйлаш, келишиб, уюшиб, бир-биридан рози бўлиб яшаш, дегани. Бундай аҳил одамлар яшайдиган бир замин, бир Ватан, бир юрт, бир ҳудуднинг номи — Ўзбекистон.

Бу Президентимизнинг мустақиллигимизнинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарорида қандай ифодаланди? “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деб ифодаланди.

Эркин ва фаровон яшаш — ҳамманинг орзуси. Унга эришиш учун фақат истакнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун ҳар биримиз ўзимизни ҳар куни, ҳамма жойда тинчликпарвар ва бағрикенг тутишимиз керак. Маданиятлараро уйғунлик ва миллатлараро тотувликнинг қадрини, ҳурматини жойига қўйишимиз керак. Ана шунда бизни ҳам қадрлашади, ҳурматимизни жойига қўйишади.

Шу боис, халқимиз буюк аждодларимизнинг ўгитларига амал қилиб, уларнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан сув ичиб келмоқда. Ўзаро тотувлик ва бағрикенгликдан баҳраманд бўлган элимиз бу фазилатларни миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик даражасига кўтариб яшамоқда. Тотувлик ва бағрикенглик миллий турмушимизга сингиб кетган.

Буни дину диёнат, иймону эътиқод, одобу ахлоқ, меҳру мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва ёш авлод иззатида ҳам кузатиш мумкин. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон деганда, ўзига хос кенг феъллик, саховат ва мўътадиллик тушунилиши табиий.

Бугунги кунда юртимизда 136 миллат, 16 диний конфессия вакиллари ягона оила фарзандларидек яшаб, меҳнат қилмоқда. Улар бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари тўлиқ таъминланган, таълим олиши, меҳнат қилиши учун барча шароит яратилган.

Умумий ўрта таълим мактабларида ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ, тожик тилларида билим берилаётгани, бир қанча олий ўқув юртларида эса рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларда дарс бериладиган бўлимлар мавжудлиги, улар учун дарслик ва қўлланмалар мамлакатимизнинг ўзида тай­ёрланиб, чоп этилаётгани фикримизнинг исботидир.

Мамлакатимиз тарихан кўп миллатли ўлка бўлгани туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшаши учун барча шароит яратилган. Янги Ўзбекистон амалга ошираётган миллий сиёсат концепциясида мультикультурализм, толерантлик, плюрализм, тенг ҳуқуқлилик тамойиллари устувор йўналишлар сифатида ўрин олган.

Миллатлараро тотувлик муҳити мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсат ва ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик, инсонпарварлик, эзгулик фазилатларининг уйғунлашуви негизида намоён бўлмоқда.

Юртимиздаги бошқа ташкилотлар қатори диний жамоалар ҳам жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этиб, халқимизнинг маънавияти ва қадриятини тиклаш, ўзлигимизни англаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг мустаҳкам ва боқий бўлишига ҳисса қўшмоқда.

Шубҳасиз, янги қабул қилинган қонун том маънода юртимизда истиқомат қилаётган турли конфессия вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дунёнинг айрим давлатларида динлараро, миллатлараро зиддиятлар кучаяётган ҳозирги шароитда бизда миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик барқарор. Халқимизнинг бу борада эришган ютуқларига ҳавас қиладиганлар кўп, ҳасад қилувчилар ҳам йўқ эмас.

Шундай экан, Президентимиз кўп бор таъкидлаганидек, бу масалада доимо ҳушёр бўлишимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни кўз қорачиғидек сақлашимиз ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бу эзгу тилакка Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, қозоқ ва ўзбек тилларида ижод қилувчи навоийлик шоира Ақшагул Тўлегенованинг мана бу сатрлари хотима бўлғай:

Катта куч ва ғайрат билан,

Ҳаётга боқ ҳайрат билан.

Бир-бировга ҳиммат билан,

Бир мақсадда бирлаш, элим,

Яхшиликка йўлдош элим!

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

раҳбарининг биринчи ўринбосари, профессор