Аҳолини рўйхатга олиш бу — мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.
Aҳолини рўйхатга олишда ҳар бир фуқаронинг маълумотлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, аввало, аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, маълумоти, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, бандлиги, даромад манбалари каби кўрсаткичлар бўйича батафсил маълумот тўпланади.
Aҳолини рўйхатга олишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб, 2020 йил 16 мартда қабул қилинган “Aҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни хизмат қилади. Мазкур қонун аҳолини рўйхатга олиш бўйича мустақиллик йилларида қабул қилинган илк қонун бўлиб, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Мазкур қонуннинг ижросини самарали ташкил этиш мақсадида, 2020 йилнинг 11 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга биноан Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023 йилнинг 1-25 ноябр кунлари ўтказилади. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш жараёни ва барча меъёрий ҳужжатларни синовдан ўтказиш мақсадида 2021 йилнинг 1-25 ноябр кунлари Aндижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши белгиланди.
Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади — аҳолини рўйхатга олиш учун ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар, сўровнома шаклларидаги саволлар, ташкилий ишлар, дастурий таъминот ва технологияларни синовдан ўтказишдан иборат.
Синов жараёнларида аниқланган барча хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилади. Шунинг учун ҳам синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири асосий тадбирдан камида икки йил олдин ўтказилади.
Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2021 йил май ойида синов ҳудудларида кадастр органлари томонидан тайёрланган маҳаллаларнинг хариталари уй-жойлар рўйхатини тузувчи ходимлар (регистраторлар) томонидан жойига чиққан ҳолда ҳақиқий ҳолатга мослиги ўрганилиб, уй-жойлар рўйхати тузиб чиқилди ҳамда уйма-уй юрган ҳолда аҳоли сонига аниқлик киритилиб, хонадонлар рўйхати янгиланди.
Мазкур ишлар учун жами 175 нафар (Хўжаобод туманида 35 нафар, Юқори Чирчиқ туманида 37 нафар, Хива шаҳрида 22 нафар ва Яшнобод туманида 81 нафар) регистраторлар статистика, кадастр, маҳалла ва уй-жой фондидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимлари орасидан ҳудудий комиссиялар томонидан танлаб олинди. Танлаб олинган регистраторлар жорий йилнинг 28-30 апрел кунлари Давлат статистика қўмитаси мутахассислари томонидан махсус дастур асосида ўқитилиб, танланма равишда маҳаллаларга чиққан ҳолда уларнинг амалий кўникмалари оширилди.
Ҳозирги кунда 4 та ҳудуд бўйича ишлаб чиқилган ташкилий режага мувофиқ, маҳаллаларда аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва назорат қилишга мўлжалланган рўйхатга олиш участкалари ташкил этилмоқда. Жами бўлиб 100 та, шундан, Хўжаобод туманида 11 та, Юқори Чирчиқ туманида 13 та, Хива шаҳрида 7 та ва Яшнобод туманида 19 та рўйхатга олиш участкалари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, ҳар 5 нафар рўйхатга олувчи ишини назорат қилиб борувчи инструкторлик участкалари ташкил этилмоқда. Булар, Хўжаобод туманида 56 та, Юқори Чирчиқ туманида 68 та, Хива шаҳрида 36 та ва Яшнобод туманида 94 тани ташкил этади.
Мазкур участкалар учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур воситалар билан жиҳозланган бино ёки хоналар ажратилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирда аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимларни танлаб олиш ишлари давом этмоқда. Рўйхатга олиш жараёнларига жами бўлиб 1900 нафарга яқин ходим жалб этилиши режалаштирилган. Булар, Хўжаобод туманида 413 нафар, Юқори Чирчиқ туманида 506 нафар, Хива шаҳрида 268 нафар ва Яшнобод туманида 698 нафарни ташкил этади.
Aҳолини рўйхатга олишнинг расмий aholi.stat.uz веб-сайти ишга туширилди. Унда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий қўлланмалар ва нашрлар жойлаштирилиб, тайёргарликнинг “қайноқ” жараёнлари ёритиб борилмоқда.
Aҳолини рўйхатга олишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Давлат статистика қўмитаси томонидан мунтазам равишда онлайн семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, аҳолини рўйхатга олиш жараёнига оид маълумотлар эълон қилиб келинмоқда. Бу каби тадбирлар оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилмоқда.