1 августдан бошлаб олий таълим муассасалари талабалар турар жойига (ТТЖ) жойлашиш учун аризалар қабули бошланди. Бу йил ётоқхонага жойлашиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш жараёни бирлаштирилиб, талабалар барча хизматлардан ягона ариза орқали фойдаланиши мумкин бўлади.
Янги тартибга кўра, талабалар ётоқхонага жойлашгач, вақтинча рўйхатдан ўтиш учун алоҳида ҳужжатлар тайёрлаши ёки бошқа идораларга мурожаат қилиши шарт эмас. Мазкур хизматлар композит (бирлаштирилган) хизмат асосида автоматик тарзда амалга оширилади.
Бунинг учун талабалар my.gov.uz портали орқали “Талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза юбориш” хизматини танлаб, зарур маълумотларни киритиши керак.
Ариза кўриб чиқилгач, талабага электрон шартнома ва йўлланма тақдим этилади. Шартномада кўрсатилган тўлов амалга оширилгандан сўнг композит хизмат ишга тушади ва вақтинча рўйхатдан ўтиш учун тўлов автоматик шакллантирилади.
Рўйхатдан ўтиш тўлови тўлангач эса талабага турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги қайд варағи электрон шаклда тақдим этилади.
Шунингдек, турган жой бўйича вақтинча рўйхатга қўйиш муддати тўлов амалга оширилган кундан бошлаб шартномада кўрсатилган муддат якунига қадар амал қилади.