* Ўзбекистон фуқароларининг яшаш жойи манзили ва уларга тегишли кўчмас мулк объектида яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ЯИДХП орқали таҳрирлаш мумкин бўлади.

* Деменция, Паркинсон ёки Алсгеймер касаллиги ташхиси қўйилган, хулқ-атвори бузилмаган, алоҳида парваришга муҳтож бўлган руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида турган шахсларга "Фаол ҳаётга қадам" дастури доирасида кундузги қатнов асосида патронаж хизмати кўрсатилади.

* Хорижий фуқаролар учун ўзбек тилини билишнинг А1, А2 ва В1 даражалари бўйича CEFR мезонларига мувофиқ малака сертификатини бериш учун имтиҳонлар жорий этилади.

* Нотариуслар қуйидаги сўзсиз фуқаролик-ҳуқуқий талаблар (БҲМнинг 1000 бараваригача) бўйича ижро хатларини ёзади:

• нотариал тасдиқланган битимларга асосланган;

• ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида;

• кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларидан ижара тўловлари, мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида.

* Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.

* Давлат харидлари ахборот порталида СИ технологиялари асосида давлат харидлари предметининг ўртача бозор нархини ҳисоблашнинг электрон модули ишга туширилади.

* "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) учун "меҳрибон оила" хизмати ташкил этилади. Ушбу хизматга жалб этилганларга оила билан бузилган муносабатларни тиклаш, фарзандларининг психофизик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларни ижтимоийлаштириш бўйича бепул оилавий терапия хизматлари кўрсатилади.

* Товарлар чегара ўтказиш пунктларига етиб келгунига қадар олдиндан декларациялаш йўли билан "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига жойлаштирилганда:

• божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга камайтирилади;
• божхона тўловларини 14 кунгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда фоизлар ҳисобланмайди.

Тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили асосида тадбиркорлик фаолияти бўйича давлат ва хусусий хизматларни кўрсатиш бўйича "Бизнес ҳамроҳ" лойиҳаси амалга оширилмоқда.

* Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқотини ташкил этишнинг янги тартиби жорий этилмоқда.

Давлат органларида бўш турган давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш янги қоидалар бўйича амалга оширилади.

* "Техник жиҳатдан тартибга солиш" ва "Шаффоф қурилиш" ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш доирасида хавфсизлиги номувофиқ деб топилган қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг электрон реестри ишга туширилмоқда.

* "Техник жиҳатдан тартибга солиш" ва "Шаффоф қурилиш" ахборот тизимларидаги қурилиш материалларининг электрон реестрида ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари номувофиқ деб топилган корхоналарнинг давлат харидларида иштирок этиши тақиқланади.

* Жамоатчилик учун хавфли қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналар рўйхати тегишли ахборот тизимларида, ваколатли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади.

* "Ўзбеккосмос" агентлиги томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудлардаги қурилиш майдонлари доимий мониторинг қилиб борилади.

* Соғлиқни сақлаш вазирлиги биологик фаол моддаларни олиб кириш ва ишлаб чиқаришга рухсатнома беришда Интеллектуал мулк портали орқали интеллектуал мулк объектларига (товар белгилари ва саноат намуналарига) бўлган ҳуқуқларга риоя этилишини мажбурий тартибда текширади ва ўрганади.

* Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлашда суд томонидан интеллектуал мулкка оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чораларининг қўлланилиши рейтинг балларининг пасайиш кўрсаткичи, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларининг мавжудлиги эса қўшимча балл берувчи кўрсаткич ҳисобланади;

Қуйидаги архив хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилмоқда:

• архив ҳужжатларини ёки уларнинг нусхаларини Ўзбекистондан ташқарига вақтинча олиб чиқишга рухсат бериш;
• яроқсиз ҳолга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш;
• олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқиганлигини тасдиқловчи архив маълумотномасини бериш.

Шахснинг ўлими қайд этилгандан сўнг QR-код қўйилган ўлим қайд этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома реал вақт режимида унинг турмуш ўртоғи (эри), ота-онаси, фарзандларининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига (қоғоз шаклига қўшимча равишда) бепул юборилади.

* QR-код қўйилган ўлимни қайд этиш тўғрисидаги маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади.

* 10 та энг яхши лойиҳа учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили туристик стартапларни - янги турдаги туристик хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50%и, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратилади;

* Меҳмонхоналарнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатда назарда тутилган халқаро тан олинган "яшил" сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

* Белгиланган муддатда фон мониторинг станцияларини ўрнатмаган ва Экология қўмитасининг Миллий экологик мониторинг маркази билан интеграция қилмаган I ва II тоифадаги корхоналар учун компенсация тўловлари 5 бараварга оширилади.

* Табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловларидан озод қилиш тарзидаги имтиёз бериш билан боғлиқ барча қонун ҳужжатлари ва юридик кучга эга бўлган кўрсатмалар ўз кучини йўқотади, шунингдек мазкур масала бўйича имтиёз бериш фақат қонун орқали амалга оширилади.

* Юридик шахсларга лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жарима қўлланилганда уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади.

* Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда "Лицензия" ахборот тизимида ихтиёрий равишда дастлабки баҳолаш хизмати жорий этилади, бунда талабгор томонидан лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун сотиб олиниши режалаштирилаётган бино ва иншоотлар, моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар, ёлланиб ишлаётган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаблари ва шартларига мувофиқлиги ўрганилади ҳамда тегишли хулоса берилади.

Қуйидаги амалиётлар жорий этилмоқда:

• автомобиль ва темир йўл кўприклари, шунингдек, ер ости ва ер усти туннелларининг сейсмик мустаҳкамлигини онлайн мониторинг қилиш;
• сунъий интеллект ёрдамида бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги бўйича техник ҳолатини таҳлил қилиш;
• йиллар давомида республикада содир бўлган зилзилаларни қайд этиш ёзувларини (катта ҳажмдаги очиқ маълумотлар) сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаш ва таҳлил қилиш орқали келажакда зилзила содир бўлиши мумкин бўлган ҳудудларни аниқлаш, шунингдек, зилзилаларнинг бино ва иншоотларга таъсирини баҳолаш.

* Нодавлат нотижорат ташкилотлари сифатида ўз фаолиятини йўлга қўймаган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан суд-эксперт текширувларини ўтказиш тақиқланади.

Фуқаролар фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини ЯИДХП орқали олишлари мумкин бўлади.

Футбол ўйинларига чипталарни шахсни идентификация қилиш ва QR-код технологияларини қўллашни назарда тутувчи махсус онлайн ахборот тизими орқали харид қилиш мумкин бўлади.