Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ва ундан кейинги тошқинлар натижасида юзага келган газ ҳамда электр энергияси таъминотидаги узилишларни қайта тиклаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирлик матбуот хизматининг хабарига кўра, Тошқин оқибатларини бартараф этиш ишларига Фарғона, Андижон, Наманган ва Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва “Ҳудудгаз Сирдарё” масъулияти чекланган жамиятининг 330 нафар мутахассиси, 76 та автотранспорт воситаси жалб қилинган. Амалга оширилган ишлар натижасида газ қувурларининг шикастланган қисмлари ва 2 та газ тақсимлаш қурилмаси техник соз ҳолатга келтирилди. Натижада Сардоба тумани “Пахтаобод” шаҳарчасидаги 3 117 та, Оқолтин туманидаги 3 849 та аҳоли хонадонларида ва шу ҳудудлардаги мавжуд 192 та улгуржи истеъмолчиларининг табиий газ таъминоти тўлиқ тикланди.
Шунингдек, фавқулодда ҳолат юз берганидан сўнг вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари электр тармоқлари инвентаризациядан ўтказилди. Бирламчи ҳисоб китобларга кўра, тўртта 35/10 кВли нимстанциялар, 106 та тарнсформатор пунктлари 492,7 км электр узатиш тармоқлари сув тошқини остида қолган.
Шикастланган электр ускуналарини соз ҳолга келтириш учун қуввати 2500 кВА бўлган 2 та трансформатор олиб келинмоқда, 500 дона темир бетон таянчлари, 24 тонна АС русумли симлар, 73 км СИП маҳсулотлари, 12 км кабель, 54 дона трансформатор ва 5,5 тонна трансформатор мойи жамғарилди. Авария ҳолатларини бартараф этиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда рухсат этилган ҳудудларда амалга оширилмоқда.
Фарғона, Андижон, Наманган ва Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан зудлик билан қилинган саъй ҳаракатлар натижасида 10200 дан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланди.
Тошқин оқибатида юзага келган аварияларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.