Айни пайтда барча юртдошларимиз карантин талабларининг юмшатилишини интизорлик билан кутмоқдалар ва улар ростдан ҳам карантин 15-августдан юмшатилармикин, деган ўйда юрганлари аниқ. Бу ўзимизга боғлиқ эканини мутасаддилар қайта-қайта таъкидлашмоқда.
“Хабарингиз бор, навбатдаги карантин даври 15 августгача узайтирилган. Биз маълум даражадаги плато чизиғига, барқарорликка эришишимиз, келгусида касалланишлар ҳолатини камайтиришимиз ва карантин чекловларини бекор қилишимиз учун ҳозирги вақтда ўрнатилган чекловларга амал қилишда давом этишимиз керак”, — деди А.Абдуҳакимов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида.
Бош вазир ўринбосари фуқароларнинг тиббиёт ниқобларини пастга тушириб олмай тўғри тақишлари, антисептиклардан фойдаланишлари ва ижтимоий масофа сақлашлари муҳимлигини таъкидлади.
“Мана шу 15 кун ичида барча талабларга қатъий риоя эта олсак, у ҳолда мазкур муддат тугагач, мавжуд эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ҳозирги чекловларни олиб ташлашимиз мумкин бўлади”, – деди у.