Экология вазирлиги томонидан Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс тур ташкил қилинди.
Тадбир давомида ОАВ ходимлари дастлаб Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт туманидаги "Profpack" қоғоз чиқиндиларини қайта ишлаб чиқариш корхонасида бўлишди.
"Аҳоли сонининг ошиб бориши ва эҳтиёжларнинг ортиши ўз навбатида чиқиндиларнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда, — деди Экология вазирлигининг Чиқиндиларни бошқариш сиёсатини белгилаш бўлими бош мутахассиси Умаржон Абдуллаев. — Жумладан, республикамизда йилига 7 млн тоннадан ортиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади. Бу чиқиндилар 300 га яқин чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарига юборилади. Чиқиндиларнинг 25-30 фоизини қайта ишлаш имкони мавжуд".
"Профпаcк" корхонасида дастлаб қоғоз чиқиндилар қозонда ивитилиб, пичоқда майдалаб олинади. Кейин қоғоз ишлаб чиқарувчи машинага солинади. Шу тарзда босқичма-босқич қуритилиб, тайёр қоғоз кўринишига келтирилади.
"Бир суткада 120 тоннагача чиқиндини қайта ишлаб чиқарамиз. Талабга қараб ҳар хил кўринишда қоғоз қутилар тайёрлаб берамиз. Корхонамизда 400 та иш ўрни мавжуд бўлиб, ҳозирда 300 нафар ходим иш билан таъминланган, — деди "Profpack" корхонаси инженер-экологи Фаррух Имомалиев. — Қоғоз чиқиндиларни қайта ишлаш орқали дарахтларни ҳам сақлаб қоламиз. Масалан, 1 тонна маҳсулотни қайта ишлаб чиқарганимизда 17 та дарахтни кесилишдан асраймиз. Бир кунда ўртача 100 тонна қоғоз чиқиндиларни қайта ишласак, 1700 та дарахтни кесишга ҳожат қолмайди".
Пресс-тур Юнусобод туманидаги чиқиндиларни ташиш станциясида давом этди.
— Юнусобод туманидаги чиқиндиларни ташиш станцияси тўлиқ таъмирланган ва Германиядан келтирилган техника воситалари билан таъминланган, — деди Қайта юклаш ва чиқиндиларни йўқ қилиш бўйича “Махсустранс” филиали раҳбари Рафаел Бекмуллин. — Бу ерга чиқиндилар сараланган ҳолда олиб келинади. Улар очиқ ҳолда сақланмайди ва 24 соат ичида олиб чиқиб кетилади.
Тошкент шаҳар "Махсустранс" ишлаб чиқариш бошқарма бошлиғи ўринбосари Исмоил Саъдуллаев эса чиқиндиларни олиб кетиш учун янги техника воситалари харид қилинганини айтиб ўтди.
"Ҳукумат томонидан 69 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратилди. Бу маблағга биз 341 тадан ортиқ замонавий техника воситаларини харид қилдик. Шунингдек, шаҳар учун 18 000 дан ортиқ қутилар сотиб олинди, — деди у. — Тошкент шаҳрида кунига 2300-2400 тонна чиқинди чиқади. Бу чиқиндилар кун давомида "Махсустранс" техникалари ёрдамида чиқинди йиғиш стансияларига олиб борилади. Белгиланмаган жойларга ташлаб кетилган чиқиндилар учун алоҳида, қурилиш чиқиндилари учун эса алоҳида машиналар ажратилган".
И. Саъдуллаевнинг таъкидлашича, чиқиндиларни қайта ишлашни 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Пресс-тур якунида ОАВ ходимлари Оҳангарондаги чиқинди полигони фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида ҳосил бўлган қаттиқ маиший чиқиндилар Тошкент вилоятида жойлашган Оҳангарон полигонига олиб чиқилади. 2022 йилнинг 9 ойи давомида жами 998 857 м3 (399 542 тонна) қаттиқ маиший чиқинди йиғилган ва 95 643 тоннаси қайта ишланган. Шундан 6 997,4 тоннаси полимер чиқиндилари, 18 753,98 тоннаси қоғоз чиқиндилари, 346,7 тоннаси резина чиқиндилари, 46,6 тоннаси текстил чиқиндилари, 4 504,1 тоннаси шиша, 64 994,42 тоннаси металл чиқиндилари ва 0,57 тоннаси бошқа турдаги чиқиндилардир.