Асака туман адлия бўлими томонидан “э-қарор” электрон тизими орқали қабул қилинган қарорлар мониторинг тартибида ўрганилганида, бир қатор тушунарсиз ҳолатлар аниқланган. Бу ҳақида Асака тумани адлия бўлими ахборот хизмати маълумотларига таяниб хабар берилмоқда.
Унга кўра, Асака туман Халқ депутатлари Кенгашининг 2022 йил 13 сентябрь кунги 40-82-1-17-Қ/22-сонли қарори билан тумандаги 102 та фермер хўжаликларидан 191 гектар ер майдонларини қисман захирага қайтариш тўғрисидаги аризалари ҳамда туман ҳокимлиги захирасида турган 69 гектар ер майдони жами бўлиб 260 гектар ер майдони захирага олинган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сонли Фармонида “Хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти амойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бекор қилинсин”, деб кўрсатилган.
Шунга кўра, туман Адлия бўлими томонидан Асака туман Халқ депутатлари Кенгашига тақдимнома киритилди ва мазкур тақдимнома Кенгашининг навбатдаги сессиясида қайта кўриб чиқилди. Унда тумандаги 102 та фермер хўжаликларидан 191 гектар ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига қайтарилиши бекор қилинди.