Сир эмаски, бундан 3-4 йил аввал юртимизда тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлиги замонавий талабларга тўла жавоб бермас, хусусан, тизимда шифокор кадрлар билан таъминланганлик даражаси паст бўлиб, уларнинг малакасини ошириш борасида ҳам бир қатор муаммолар мавжуд эди.
Шу боис, охирги йилларда мамлакатимизда соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида 2021 йилнинг биринчи чорагига келиб, тез тиббий ёрдам хизматида фаолият олиб бораётган шифокорлар сони 12 минг 826 нафарни, таъминланганлик даражаси 89 фоизни ташкил қилмоқда.
Жумладан, Наманган ва Бухоро вилоятлари 100 фоиз, Самарқанд вилояти 98 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон вилоятида 97 фоизни ташкил қилмоқда.
Маълумки, “тез ёрдам” хизматида реаниматолог-шифокорларнинг алоҳида ўрни бор. Шуниси қувонарлики, кейинги йилларда бу йўналишда ижобий кўрсаткич қайд этилиб, соҳанинг реаниматолог-шифокорлар билан таъминланганлик даражаси ортиб бормоқда.
Жумладан, айни пайтда “103” хизмати реаниматолог-шифокор билан қарийб 63 фоизга таъминланган. Бу борада энг яхши кўрсаткич Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларига тўғри келиб, мазкур ҳудудларда “тез ёрдам” хизмати тўлиқ ушбу мутахассислар билан таъминланган.
Шу билан бирга, 2021 йилнинг шу даврига келиб, соҳада меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимлари 28 минг 336 нафар, таъминланганлик даражаси эса 97 фоизни ташкил қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, фуқароларимиз саломатлиги йўлида куну тун хизмат қилаётган тез тиббий ёрдам хизмати шифокорлари аҳолига бепул асосда юқори малакали тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.