Сифат куни Европа сифат ташкилоти (ЕОК) томонидан Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) кўмагида 1989 йил тасдиқланган. Шундан буён ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи пайшанбаси 80 дан ортиқ мамлакатларда Сифат куни сифатида нишонлаб келинади. Жорий йилда бу сана 11 ноябрга тўғри келди. Асосий мақсад товар ва хизматлар сифатининг муҳимлигини ошириш ҳамда сифат муаммоларига эътибор қаратишга йўналтирилган, дейилади Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълумотида.

Анъанага кўра, ҳар йили тадбир маълум бир мавзуга бағишланади. 2021 йилнинг шиори — “Сифат янги марраларни забт этиш имконини яратади”.

Республикамизда ҳам бозордаги товар ва хизматларнинг сифатини оширишни рағбатлантириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йилнинг ноябрь ойида “Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги” тадбири ўтказилиши белгиланган.

Мазкур тадбир доирасида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан амалий тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Тадбир давомида истеъмолчилар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш, маҳсулотлар ва хизматлар сифати мавзуида материаллар чоп этиш ҳамда тадбиркорлар билан ҳамкорликда Сифат ҳафталиги тўғрисида жамиятнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.