Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги берган маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар республиканинг 60 та вазирлик ва идоралари ҳамда 206 та туман (шаҳар) ҳокимликларидаги мавжуд 7 094 та вакант лавозим учун танлов эълон қилиниб, 112 мингдан ортиқ номзодлар иштирок этган.
Энг кўп вакант лавозимлар учун танловлар Давлат солиқ қўмитаси (1 211 та), Молия вазирлиги (1 053 та), Халқ таълими вазирлиги (962 та), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (703 та) тизимида ташкил этилди.
Вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратида 671 та танлов ўтказилган бўлса, ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистон Республикасида — 245 та, Андижон вилоятида — 510 та, Бухоро вилоятида — 523 та, Жиззах вилоятида — 442 та, Қашқадарё вилоятида — 366 та, Навоий вилоятида — 670 та, Наманган вилоятида — 467 та, Самарқанд вилоятида — 657 та, Сирдарё вилоятида — 572 та, Сурхондарё вилоятида — 356 та, Тошкент вилоятида — 481 та, Фарғона вилоятида — 405 та, Хоразм вилоятида — 283 та, Тошкент шаҳрида — 446 та вакансияга очиқ танлов ташкил этилган.
Бугунги кунга қадар ишга қабул қилинганлардан 734 нафари (38%) — 30 ёшгача бўлган кадрлар, 298 нафари (15%) давлат хизматига биринчи марта қабул қилинганларни ташкил этади.