Аҳоли орасида эса бу вазият “Навоийазот”АЖ фаолияти билан боғлиқ, деган фикрлар пайдо бўлди. Ушбу хабарларга Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан расмий муносабат билдирилди.

2025 йил 19 июль куни соат 07:00 дан 09:00 гача “Навоийазот” АЖ атрофида бошқарманинг таҳлилий лабораторияси ҳамда мазкур корхонага қарашли санитар лаборатория билан ҳамкорликда ҳаво намуналари олиб, EKOLAB газоанализатор аппарати ёрдамида таҳлил қилинди.

Таҳлиллар натижасида аммиак 1,4 баробар, водород сулфиди эса 16,8 баробар меъёрдан юқори экани аниқланди.

Шу билан бирга, Навоий вилояти Гидрометеорология бошқармаси ҳам ҳаво сифати бўйича мустақил таҳлиллар ўтказди.

  • Зулфия кўчасида жойлашган 1-кузатув постида углерод икки оксиди 1,04 маротаба, аммиак 1,1 баробар меъёрдан юқори бўлган.
  • Меъморлар кўчасидаги 2-кузатув постида эса аммиак 1,2 баробар меъёрдан ошиб кетгани қайд этилди.

Айни пайтда “Навоийазот” АЖ ҳудудида аниқланган камчиликларга ойдинлик киритиш ва қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда текширув ўтказиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча ахборот тақдим этилиши маълум қилинди.