Ижтимоий тармоқларда Пискент тумани ҳокими 2022 йил 6 сентябрь куни e-auksion платформаси орқали 397,9 гектар ер майдонини 30 йилга ижарага бериш юзасидан ўтказилган савдоларда 999 млрд 999 млн 999 минг сўмлик таклифи билан ғолибликни қўлга киритгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Кейинчалик ҳоким Раҳимжон Рихсиев яйловни онлайн аукцион тизимининг ишлашини ўз кўзи билан кўриш учун тажриба тариқасида ижрага олгани таъкидлаб, раддия берган эди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хабар беришича, 2022 йил 13 сентябрь куни ҳоким Рихсиев таъсисчилигида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Animals Service МЧЖ ташкил этилгани ва у (ўрганиш ўтказилган 23-октябрь ҳолатига) мазкур корхона таъсисчилигидан чиқмагани маълум бўлди.

Шунингдек, сентябрь-октябрь ойларида қатор вилоятларда 1378 нафар давлат хизматчиси (138 нафари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 148 нафари давлат банклари бошқарувчиси ва уларнинг ўринбосарлари, 1092 нафари ҳоким ёрдамчилари) давлат хизмати билан бирга (раҳбар ёки таъсисчи сифатида) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.

Давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишларда эса ҳудудларда давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошларига тегишли корхоналар давлат харидларида иштирок этиб, ғолиб бўлгани ойдинлашган.

Хусусан, 2021-2022 йилнинг 6 ойи давомида Бухоро вилоятида 340 та ҳолатда 34,3 млрд сўмлик давлат харидларидан 19 та ҳолатда ташкилот раҳбари ва молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, 72 та ҳолатда бухгалтерия ходимлари, 24 та ҳолатда омбор мудири ва таъминот ходимлари, 30 та ҳолатда инженер ва техник назоратчилар, 20 та ҳолатда шартномаларни ҳуқуқий экспертизасини амалга оширувчи юристлар ва қолган ҳолатда бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлган.

Шу каби Сурхондарё вилоятида 155 та ҳолатда 16,1 млрд сўмлик давлат харидларидан 67 та ҳолатда бош ҳисобчи, ҳисобчи ва иқтисодчилар, 60 та ҳолатда хўжалик ва омбор мудирлари, 28 та ҳолатда бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлганлиги аниқланди.

Масалан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан 2021 йилда амалга оширилган Термиз шаҳридаги 6-мактаб биносини реконструкция қилиш бўйича 8 млрд. сўмлик давлат харидида ушбу компаниянинг етакчи мутахассиси таъсисчилигидаги масъулияти чекланган жамият билан тўғридан-тўғри шартнома тузилган.

Худди шундай, Самарқанд вилоятида 277 та ҳолатда 10,9 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 158 та ҳолатда 8,1 млрд. сўмлик, Сирдарё вилоятида 20 та ҳолатда 1,6 млрд. сўмлик, Қашқадарё вилоятида 66 та ҳолатда 1,1 млрд. сўмлик, Навоий вилоятида 14 та ҳолатда 0,3 млрд.сўмлик давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларда аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилган.

Ушбу ҳолатларни бартараф қилиш ва келгусида йўл қўймаслик ҳақида тақдимномалар киритилди, шунингдек, давлат харидларида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш орқали коррупциявий хавф-хатарларга йўл қўйилишининг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда.