Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ишлар Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида йўллар замонавий талаблар асосида цемент-бетон қопламали қилиб барпо этилмоқда. Реконструкция қилинаётган йўллар Бойсун, Бандихон, Қумқўрғон, Олтинсой ва Денов туманлари ҳудудидан ўтади.
Таъкидлашича, Дарбанд – Денов автомагистрали тўлиқ фойдаланишга топширилгач, Сурхондарё вилоятидаги М39 ва М41 халқаро автомагистраллари энг қисқа масофада ўзаро боғланади.
Энг муҳими, янги йўл фойдаланишга топширилгандан кейин Сурхон воҳасидан Тошкент шаҳригача бўлган масофа 146 километрга қисқаради. Бу эса юк ва йўловчи ташиш харажатларини камайтириш, вақт тежаш ҳамда транспорт оқимини самарали ташкил этиш имконини беради.
Лойиҳа ҳудуд транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш шароитини яратиш, шунингдек, иқтисодий фаоллик ва инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.