Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Маърифат” ва “Дўстлик” маҳаллаларида истиқомат қилаётган Н.Сидирова ҳамда Н.Иралиеваларнинг хонадонига ташриф буюрди ҳамда улар ҳолидан хабар олди.

 Таъкидлаш керакки, бу икки нуроний онахон ёш бўлишига қарамай иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, катталар билан бир сафда мардонавор кураш олиб борган халқимизнинг чинакам фахрларидир.

Самимий кечган суҳбат давомида уруш фахрийлари ўз бошидан ўтган қийин кунлар ҳақида сўзлаб берди:

— Урушга кетганимда 15 ёшда эдим. Катталар билан бир сафда жароҳатланган ҳарбий хизматчиларга ёрдам кўрсатганмиз, — дейди Н.Сидирова.

Учрашув давомида ҳозирги тинч ва осуда ҳаётимиз учун ўз жонини аямаган ватандошларимиз хусусида илиқ фикрлар билдирилди ҳамда уларга эсдалик совғалари топширилди.