Коммунал хизматлари, табиий газ ва электр таъминоти соҳасида истеъмолчилар билан тузиладиган шатномалар қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштирилмаслиги, бунинг оқибатида асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётганлиги бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир, дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарида.  Қайд этилишича, ушбу корхоналар табиий монополия субъектлари ҳисобланади. 

Бугунги кунга қадар Қўмита томонидан табиий монополия субъектларининг 250 дан ортиқ шартномалар ўрганилди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, 150 та ҳолат (шундан 45% газ таъминоти, 15% электр энергия таъминоти, 15% иссиқлик энергияси таъминоти, 15%  сув таъминоти ва  10% бошқа соҳаларга тегишли) истеъмолчиларнинг манфаатларига ва монополияга қарши қонунчилик талабларига зид эканлиги аниқланган.

Буни бартараф этиш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар  берилган.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаол истеъмолчиларни муаммоларни аниқлашда  бевосита иштирок этишга таклиф қилмоқда.

"Таклифлар билан 71 207 47 00 рақамига мурожаат қилишингиз ёки info@antimon.gov.uz электрон манзилига юборишингиз мумкин", – дейилади хабарда.