Олий Мажлис Сенати Раиси Марокаш Ўзбекистоннинг Шимолий Африкадаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини таъкидлаб, икки мамлакатни тарихий, маънавий ва маданий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик муносабатлари боғлаб туришини қайд этди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Марокаш ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Парламент дипломатиясининг икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлашдаги муҳим ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу нуқтаи назардан, ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда инвестициявий ҳамкорликни рағбатлантириш ва икки мамлакат хусусий секторлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, жумладан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика соҳалари истиқболли ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида парламентлараро мулоқотни тизимли ва самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Марокаш Қироллиги парламенти Маслаҳатчилар палатаси ўртасида Парламентлараро ҳамкорлик масалалари бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.