Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, айниқса, уларнинг ёшлар орасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида тезкор тадбирлар ўтказилди.
Чирчиқ шаҳрида ўтказилган тадбирлар давомида 2006 йилда туғилган қиз ва унинг 2008 йилда туғилган вояга етмаган шериги синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатаётган вақтда қўлга олинди. Улардан скотч билан ўралган 41 та бўлакдаги гиёҳвандлик воситалари аниқланди. Шунингдек, ижарада яшаб келган вояга етмаган қиз 59 грамм синтетик гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадида сақлагани маълум бўлди.
Тезкор тадбирлар давомида Чирчиқ шаҳрида яшовчи шахс яна бир вояга етмаган, 2009 йилда туғилган қизни жиноий фаолиятига жалб қилгани аниқланди. У 1988 йилда туғилган аёл билан биргаликда «закладка» усулида 150 грамм синтетик гиёҳвандлик воситасини тарқатаётган вақтда қўлга олинди.
Уларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилганда, 2 килограмм 850 грамм мефедрон, 200 грамм альфа-ПВП ва 200 грамм героин, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини қадоқлашда ишлатиладиган зип-пакетлар, изоляцион ленталар ва тарозилар аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Интернетда фаолият юритган мазкур наркотармоққа алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-техник тадбирлар ҳам давом эттирилди.
Жумладан, Қибрай туманида тарқатиш мақсадида гиёҳвандлик воситалари яширилган тўртта манзил аниқланди. Ушбу манзилларга жами 200 та елим ўрамдаги гиёҳвандлик воситаларини жойлаштиришга уринган шахслар орасида талабалар ҳам борлиги маълум бўлди. Улар яшаш манзилларидан Тошкент вилояти ҳудудига келиб, гиёҳвандлик воситаларини тарқатишни даромад манбаига айлантирган.
Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жами 4 килограмм 700 грамм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди. Бу орқали аҳоли орасида 245 минг дона бир марталик «қора оғу» дозасининг тарқалиши олди олинди.
Айни вақтда мазкур интернет-наркодўкони орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатишга алоқадор бошқа шахслар ва гуруҳларни аниқлаш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар давом эттирилмоқда.