ФВВ берган маълумотга кўра, шу йилнинг 13 октябрь куни соат 17:30 ларда туманнинг тоғли ҳудудларида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши оқибатида «Қўнғирот» маҳалласидаги Шакарбулоқ қишлоғи ҳудудидан сел оқими ўтган.

Маълум қилинишича, йўлдан адашган Дамас ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳи йўналишни аниқлаш мақсадида сел оқими ўтадиган ҳудудда тўхтаган. Автомобиль сирпаниб, сел ўзанидаги чуқурроқ жойга тушиб кетган.

Шундан сўнг ҳайдовчи машинадан тушиб, телефон орқали боғланишга уринган ва ҳамроҳини сел келаётганидан огоҳлантирган.

Бироқ сел оқими Дамас автомобили ва унинг ичидаги йўловчини оқизиб кетган. Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида йўловчининг жасади топилган.

Ҳодиса жойига туман ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда Ички ишлар бўлими масъуллари жалб этилган.