Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги «Kazinform» маълумотларига таяниб хабар берди.

Қозоғистон ҳукумати қарорига мувофиқ, электрон рухсатнома хорижий фуқаролар учун мўлжалланган махсус рақамли платформа орқали бепул расмийлаштирилади. Ариза мамлакатга кириш режалаштирилган санадан камида 72 соат олдин топширилиши лозим. Рухсатноманинг амал қилиш муддати 180 календарь кунни ташкил этади.

Янги тизим босқичма-босқич жорий қилинади. Жумладан, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб у Ақтау халқаро аэропорти ва тўртта автомобиль ўтказиш пунктида — Павлодар вилоятидаги «Урлютобе», Жамбил вилоятидаги «Аухатти», Туркистон вилоятидаги «Атамекен» ҳамда Жетисув вилоятидаги «Нурли Жол» пунктларида қўлланила бошлайди.

2027 йил 1 январдан тизим Остона ва Олмаота аэропортларида, 1 мартдан эса давлат чегарасидаги бошқа барча ўтказиш пунктларида амал қилади.

Шу билан бирга, 2027 йил 1 июлга қадар электрон рухсатноманинг йўқлиги чет эл фуқароларига мамлакатга киришни рад этиш учун асос бўлмайди.

Янги талаб визасиз режим доирасида Қозоғистонда бўлиш муддатларига таъсир қилмайди. Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония ва Жанубий Корея фуқаролари мамлакатда бир сафар давомида 30 кунгача, 180 кунлик давр мобайнида эса жами 90 кундан кўп бўлмаган муддатда бўлишлари мумкин.

Қуйидаги тоифадаги шахслар электрон рухсатнома расмийлаштириш талабидан озод этилади:

  • 16 ёшга тўлмаган болалар;

  • 65 ёш ва ундан катта шахслар;

  • амалдаги Қозоғистон визаси ёки яшаш гувоҳномасига эга бўлганлар;

  • дипломатлар ва расмий делегациялар аъзолари;

  • қарорда белгиланган бошқа тоифадаги хорижий фуқаролар.

Бундан ташқари, Қозоғистонда шахсий идентификация рақамини расмийлаштириш жараёнида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатда бўлиш қонунийлигини текшириш механизмини жорий этиш ҳам таклиф қилинмоқда.