Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари ДХХ вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг яширин айланмасига чек қўйгани хабар қилинмоқда.

Ўтказилган тадбир давомида фуқаро Т.С.нинг автомашинаси кўздан кечирилганида, автоуловнинг салон қисмида 40 конвалюта (жами 560 дона) “Регапен перегабалин” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, қонунбузарнинг кўрсатмасига мувофиқ пойтахтимиздаги дорихоналардан бири кўздан кечирилганида, ушбу дорихонада ҳам 40 конвалютада (жами 560 дона) “Регапен перегабалин” ва 29 та конвалютада жами 406 дона “Герика перегабалин” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида жами 1526 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари қонунбузарлардан олиб қўйилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан  жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иш қўзғатилган.