Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла тангаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний равишда олиб кириш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ фош этилди.

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган 5 нафар фуқаролар Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида муқаддам Афғонистондан олиб келинган 2 килограмм 531 грамм оғирликдаги «зумрад» қимматбаҳо тошларини 500 минг долларга, шунингдек, 8 грамм оғирликдаги 1 дона қадимий тилла тангани 10 минг долларга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Дастлабки ўрганишларга кўра, мазкур ҳолатда ноқонуний олди-сотдидан тўхтатиб қолинган тилла танга эрамизнинг III асрига мансуб бўлиб, Кушон давлатида зарб қилинган.

Шунингдек, ушбу шахслардан бирининг ҳамёнида 3 дона «олмос» тошлари борлиги ҳам аниқланди.

Ҳисоб-китобларга кўра мазкур ҳолатда олиб қўйилган қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла танганинг умумий қиймати жами 16 миллиард 818 миллион сўмни ташкил этди.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориляпти, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.