“Ўзбеккосмос” агентлиги ўтган 2024 йилда кўплаб самарали ишларни амалга оширди. 

Хусусан, аэрокосмик технологияларни қўллаган ҳолда олиб борилаётган Давлат космик мониторинги тизими орқали экология, геология, қишлоқ хўжалиги, ер муносабатлари, сув хўжалиги ва ўрмон хўжалиги каби соҳалар таҳлил қилиниб, 100 мингдан ортиқ эҳтимоли юқори бўлган қонунбузилиш ҳолатларни аниқлади. Агентлик муассислигидаги Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази томонидан ер муносабатлари йўналишида Республика кесимида 96 минг 312 та қарийб 9 минг 200 гектар эҳтимоли юқори бўлган ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотлар мавжудлиги аниқланган.

— Таъкидлаш жоиз, космик суратларни қайта ишлаш натижасида геология йўналишида республика бўйича 2 минг 426 та ноқонуний карьер, қазиб олиш ишлари олиб борилаётган 2 543 гектар майдон аниқланди. Қолаверса, Давлат космик мониторинги доирасида экология йўналиши бўйича 12 та ҳудуднинг қарийб 721 гектар майдонида 1 минг 928 та ноқонуний чиқиндихона мавжуд эканлиги аниқланди. Қолаверса, “Ўзбеккосмос” агентлиги атроф муҳит ҳамда ер унумдорлигига етказилаётган зарарларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида космик мониторинг орқали Сурхондарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарёда 2024 йилнинг июнь июль ойларида бошоқли дон экинларидан бўшаган 31 минг 483,2 гектар майдонда сомон поялари ва қолдиқлари ёниши билан боғлиқ жами 2 минг 266 та ҳолатни аниқлади, — дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги бўлим бошлиғи Шоҳруҳ Насруллаев.

Таъкидлаш жоиз, агентлиги кўмагида 2024 йил давомида 10 нафар ёш “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти сифатида Буюк Британия ва АҚШдаги олийгоҳларга бакалавр ҳамда магистратура йўналишларида таҳсил олиш учун юборилди.

Ёшларнинг космонавтика ва муҳандисликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида “Ўзбеккосмос” агентлиги жорий йилда 10 нафар иқтидорли мактаб ўқувчиларини Туркиянинг Бурса шаҳридаги “Guhem” космик ва авиация марказига юборди. У ерда ёшлар 150 дан зиёд интерфаол машғулотларда иштирок этиб, симуляцион космик сунъий йўлдошлар, авиация тизимлари билан яқиндан танишди.

Ўтган йилда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “Янги ҳаёт” аэродромида ОТМ талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида “CanSat” лойиҳаси амалга оширилиб, ёш ихтирочилар ўзлари ишлаб чиққан кичик сунъий йўлдошларни дрон ёрдамида 200 ва 500 метр баландликкача учирди. Айнан ёшларнинг космос соҳасига бўлган қизиқиш ва билимларини ошириш мақсадида “Алоқа тарихи музейи”да Ўзбеккосмос агентлиги ташаббуси билан махсус экспозиция очилди.