2021 йилнинг Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилиниши, давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 25 декабрь куни илк бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумидаги тарихий нутқи, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доир бир қатор фармон ва қарорлари мамлакатимизнинг 55 фоизини ташкил этувчи 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ҳаётидаги катта ўзгаришларга йўл очмоқда.

Жорий йилнинг 27 январь куни Президентимиз раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир йигит-қиз билан манзилли ва тизимли ишлаш бўйича долзарб вазифалар белгиланди.

Бунда, айниқса, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бирор иш билан банд қилиш ёки тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали уларнинг ўз ишини бошлашига шароит яратиб бериш каби масалаларга эътибор қаратилди. Шу жиҳатдан, юртбошимиз “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси олдига талаб юқори бўлган 15 та касб-ҳунар ўргатадиган онлайн платформани ишга тушириб, жорий йилда камида 20 минг нафар ёшларни ўқитиш васифасини қўйдилар.

Бугунги кунда ёшларни тадбиркорликка фаол йўналтириш “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири саналади. Тузилма томонидан “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури доирасида ўтган йили ёшларнинг 1 818 та бизнес лойиҳаларига жами 427,8 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 10 025 та янги иш ўрни яратилишига эришилди. Ана шу кредит маблағлари ёрдамида ўз фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар хорижга 4 миллион 630 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотни экспорт қилиб, давлат бюджетига йилига ўртача 100 миллиард сўмга яқин солиқлар кўринишидаги тушумларни амалга оширди.

Ҳудудларда жами 19 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари, 188 та “Ёшлар меҳнат гузари” фойдаланишга топширилди. Уларда жами 2 100 та янги иш ўринлари яратилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларнинг билимларини ошириш мақсадида мутахассислар томонидан жойларда ташкил этилган 3 894 та бизнес семинарларга 198 216 нафар ўғил-қизлар жалб қилинди. 57 минг нафар ёшлар иштирокида ҳудудлардаги йирик ишлаб чиқариш корхонларига 1 826 маротаба бизнес саёҳатлар уюштирилди.

Аҳамиятли жиҳати, кредит олиб, ўз ишини бошлаган ёшлар кейинчалик ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилмади. Уларнинг маҳсулотларини харидорларга таништириш мақсадида кўплаб савдо ярмаркалари ташкил этилди. Бунда халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозиргача ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

“Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси шу вақтга қадар иқтидорли, бизнес юритиш кўникмаси ва қобилиятига эга ёшларга эътибор қаратган бўлса, эндиликда, Президентимиз топшириқлари асосида ўз ўрнини топа олмаган, тадбиркорлигини йулга қўя олмаётган йигит-қизлар билан ҳам тизимли шуғулланади. Уларга моддий ва маънавий кўмак бериб, оёққа туриб олишида тиргак бўлади.

Ана шу мақсадда Жамғарма томонидан тажрибали мутахассислар, маҳоратли мураббийни жалб қилган ҳолда, ёшларни даромадли касбларга ўқитишга мўлжалланган онлайн платформа яратилади. Бу платформага даромадли касб-ҳунарларни ўргатиш бўйича юртимиз ва хориж тажрибаси асосида видеодарслар, қўлланмалар, йўриқномалар, маҳорат дарслари жойлаштириб борилади. Ушбу мақсадлар учун Жамғармага 20 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Билдирилган юксак ишонч ва масъулиятни ҳис қилганимиз ҳолда, биз бутун жамоамиз билан мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирги кунда мамлакатимизда талаб юқори бўлган 20 та касб-ҳунар турларини аниқлаштириб олдик. Олдимизга қўйган эндиги вазифамиз мазкур касб-ҳунарни ўрганиш истагида бўлган ёшларга онлайн платформа орқали дастлабки билимларни беришдан иборат. Кейинги қадам эса касб-ҳунарга оид олинган билимларни амалиётда синаш ва тажриба орттириш бўлади.

Ўтган 2,5 йиллик фаолиятимиз давомида орттирган тажрибамиз, шунингдек, Жамғарма кўмагида имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйган барча фидоий тадбиркор ва ҳунармандлар кўмагида мазкур амалиёт дастурини реал ҳаётга ҳам тадбиқ этишни кўзлаганмиз.

Ёшларга нафақат касб-ҳунар, балки тадбиркорлик сир-асрорларини ўргатиш фаолиятимизнинг асосий қисмига айланади. Республикамизнинг барча бурчакларида истиқомат қиладиган ўғил-қизларга тадбиркорликнинг дастлабки босқичларидан тортиб, кредит олишгача, ундан кейинги жамики молиявий фаолият, ҳатто, улар томонидан ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни бозорга реализация қилишга ҳам кўмаклашувчи мукаммал тизим ишлаб чиқилади. Ишбилармонликнинг сердаромад соҳаларини оммалаштириш, ўзаро фикр, тажриба ва билим алмашинувини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик соҳаларига масъул уюшмалар билан ҳамкорликда ҳар бир туман, шаҳарда ёш лидер тадбиркорларни шакллантирамиз. Мазкур тизимни самарали йўлга қўйишда барча вазирлик, идоралар, уюшмалар, фидоий тадбиркорлар, ҳунарманд ва тажрибали мураббийлар билан ҳамкорликка тайёрмиз. Зеро, юртимиздаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ёшларга ўз бизнесини йўлга қўйишида кўмак беришда Жамғарманинг бутун жамоаси бор кучини сафарбар этишга шайланган.

Хайрулла САТТОРОВ,

 “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори