Ташкилотда амалга оширилаётган тадқиқот ишларининг кўлами ва эришилган натижалардан келиб чиққан ҳолда алоҳида ишлаб чиқиладиган дастур доирасида 20 нафар ёш олимнинг қисқа муддатли илмий стажировкаси ташкил этилади. Бу жараёнда юртимиз ёш тадқиқотчилари Эроннинг биотехнологиялар, тупроқшунослик, самарадор агротехнологиялар, шўрга чидамли ўсимликларни етиштириш, боғдорчилик йўналишларидаги илғор тажрибасини ўзлаштириши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, AREEO ташкилоти олимлари билан ўзбекистонлик олим ва мутахассисларнинг қуйидаги икки йўналишда ўтказиладиган танловларда иштирокини таъминлашга келишиб олинди:

а) ҳамкорликда экологик муаммоларнинг илмий ечимини таъминлаш ("Ўзбекистон – Эрон" қўшма илмий лойиҳалар танловлари доирасида);

б) стартап лойиҳаларни амалга ошириш асосида янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ("Пардис" технопарки ва "Яшнобод" инновацион технопарки ўртасида маҳаллий тармоқ корхоналари эҳтиёжи асосида умумий қиймати 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қўшма стартап лойиҳалар танлови доирасида), дейилади Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати хабарида.