2020 йил 26 декабрь куни Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига, Бухоро шаҳар А.Шеърозий маҳалласида яшовчи 1974 йилда туғилган З.С. мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 25 декабрь куни соат 16:30 дан 21:30 қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унинг яшаш хонадонига том орқали кириб, уйининг ётоқхонасида бўлган темир сандиқ (сейф) дан 99 дона турли хилдаги тилла тақинчоқлар, 6 дона бриллиант тақинчоқлари, 3 дона тилла соат, 70.000 рубль ва 600 евро, фуқаролик паспорти ва уйининг кадастр ҳужжатларини ўғирлаб, жабрланувчига жами 200.000 АҚШ долларлик миқдорда моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинганлигини баён қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сон Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-модда 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар, Устабаев кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган Ш.Б. ва унинг жиноий шериклари Бухоро шаҳар, Б.Нақшбанд кўчасида яшовчи, 1985 йилда туғилган А.К. ва Бухоро шаҳар Шохруд кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган К.Б. лар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир қилганликлари аниқланиб, гумон қилинувчилардан 70 дона турли тилла тақинчоқлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирги кунда ушбу учала гумон қилинувчиларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, уларнинг бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги ўрганилмоқда.
Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берган.