Қуйида бериган инфографика БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA) баҳоларига асосланган. Унда 2000 йил июль ва 2024 йил июль ойларида турли мамлакатларда яшовчи мигрантлар сони таққосланган. Миллий таърифларга қараб, бу тоифага қочқинлар, бошпана изловчилар ва фуқароликка эга бўлганлар кириши мумкин.
Келтирилган кўрсаткичлар ушбу даврда келганларнинг умумий сони ёки аҳолининг кириши ва чиқиши ўртасидаги фарқни эмас, балки ҳар бир мамлакатда яшовчи мигрантлар сонининг ўзгаришини акс эттиради.
Европадаги мигрантлар сони умумий ўсишининг деярли ярми Буюк Британия, Испания ва Германияга тегишли. Умуман олганда, бу мамлакатлар ушбу тоифага кирувчи 20,4 миллионга яқин қўшимча аҳолини қабул қилди.
Бироқ нисбий ўсиш бўйича рейтинг бошқача кўринишга эга. Кичик давлатлар энг юқори ўсиш суръатларини намойиш этди. Улар – Мальта, Болгария ва Исландия, деб хабар берди naked-science.ru.
Испанияда мигрантлар сони тўрт баробардан зиёд кўпайди. Бу қисман 2000 йилларнинг бошидаги қурилиш шов-шуви ва 2005 йилги легализация дастури билан боғлиқ бўлиб, унинг доирасида деярли 700 минг ариза топширилган.
Буюк Британияда кўрилаётган даврда мигрантлар сони 149 фоизга ошди. Бироқ, сўнгги йилларда миграция тенденциялари ўзгарди. Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси (ONS) маълумотларига кўра, 2025 йилда виза қоидалари кучайтирилгандан сўнг соф миграция 171 минг кишигача камайган.
Шу билан бирга, ўсиш барча мамлакатларда ҳам кузатилмади. Россия энг катта мутлақ қисқаришни кўрсатди: мамлакатда яшовчи муҳожирлар сони тахминан 4,3 миллион кишига камайди. Сербия, Украина ва Шарқий Европанинг бошқа бир қатор давлатларида ҳам пасайиш кузатилди.
Иммиграция ишчи кучи етишмовчилигини тўлдиришга, солиқ базасини кенгайтиришга ва демографик пасайиш оқибатларини юмшатишга ёрдам беради. Бироқ, аҳолининг тез ўсиши, айниқса инфратузилма ривожланиши аҳоли сонининг кўпайишига мос келмаса, уй-жой фонди, мактаблар ва давлат хизматлари учун қўшимча юкни келтириб чиқариши мумкин.
Янги аҳолини интеграция қилишнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ишлашга рухсат бериш, уй-жой билан таъминлаш, тил ўрганиш ва хорижий малакаларни тан олиш сиёсатларига боғлиқ. Бу масалалар, айниқса, бир вақтнинг ўзида ўз ҳудудида туғилган аҳоли ўртасида эмиграциянинг кучайишига дуч келаётган мамлакатлар учун долзарб.
Охир-оқибат, Европанинг миграция тарихи, бу фақат янги аҳолини жалб қилиш масаласи эмас, балки мамлакатлар муҳожирларнинг мамлакатдаги жамиятга мослашиши ва интеграциялашувини қанчалик самарали таъминлай олишига ҳам боғлиқ.