Тақдимот ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилди.

Тақдимотда 2030 йилгача мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг инклюзив, адолатли ва барқарор шарт-шароитларини яхшилаш учун фан, технология ва инновациялардан фойдаланиш бўйича белгиланган йўналишлар ва устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, қатнашчилар сўнгги йилларда ёш олимлар фаолиятига қаратилаётган эътибор хусусида фикр билдирди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов:

—  Бугун ёш авлодда олимлик касбига қизиқиш юқори. Илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш учун ажратилган квоталар сони ортиб бораётгани, ҳар бир соҳада янгича ёндашувларнинг қўллаб-қувватланаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилди. Қувонарлиси, бугунги кунда Академиятнинг аъзолари 2800 нафарга етди. Шунингдек ёш тадқиқотчилар учун халқаро стажировка дастури ҳам йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар вазирлик кўмагида 783 нақар ёш олим-тадқиқотчилар хорижда қисқа муддатли илмий стажировка ўтади. 2018-2021 йилларда умумий қиймати 228,8 миллиард сўмлик 372 та инновацион ишланмалар тижоратлаштирилиб, илм-фанга асосланган 235,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

 БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астана:
— Ўзбекистонда сўнгги йилларда бозор иқтисодиётини ташкил этиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар мамлакатнинг фан, технология, инновациялар соҳасида муваффақиятга эришишига хизмат қилмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозим, креатив иқтисодиётни ривожлантиришда янги ишчи ўринларидан то иқтисодий қиймат яратишгача бўлган узлуксиз инновацион экотизм ривожланмоқда.

Айтиш жоиз, иқтисодиётга илмий ҳажмдор янги технологияларни жорий қилишда технологиялар трансферининг аҳамияти катта. Вазирлик томонидан бугунги кунга қадар хориждаги илғор технологиялар трансфери асосида умумий қиймати 3,3 миллион долларга тенг бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.

Феруза ЖЎРАЕВА, 
“Янги Ўзбекистон” мухбири