“Миллий тикланиш” демократик партиясининг фракцияси қуйидаги таклифларни киритди:
1) Мавжуд 9691 та мактабларнинг 1350 таси реконструкция, 1312 таси мукаммал таъмирлашга муҳтож. 173 та янги мактаб қурилиши зарур. Мактабларни замонавий жиҳозлашга етарли эътибор қаратилмаяпти. Ушбу мақсадларга 29,1 трлн. маблағ ажратилиши керак. 2021 йил бюджетида ушбу масалани ҳозирдан режалаштирилиши керак;
2) “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини декабр ойида киритилиши бюджет ташкилотларининг апрел ойигача тўлақонли фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилмоқда. Масалан ҳисобот даврида жорий харажатлар Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 19 фоизга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 23,7 фоизга ижро қилинган. Ҳукумат томонидан келгуси йил учун бюджет қонун лойиҳаси жорий йилнинг 1 сентябригача киритилиши ва 10 ноябригача қабул қилиниши масаласини муҳокама қилишни таклиф қиламиз;
3) Бюджет ташкилотларида олиб бориладиган назорат фаолиятлари молиявий хатоликларни мунтазамлашганлигини кўрсатмоқда. 2019 йилда текширилган ташкилотларнинг 80 фоизида молиявий хатоликлар аниқланган ва ушбу хатоликларнинг 90 фоизга яқини ноқонуний харажатлардан иборат. 2020 йилнинг 1 чорагида ҳам ҳолат деярли айнан такрорланган. Бу масалада муаммо борлиги яққол кўринмоқда. Соҳада жиддий ислоҳотларга зарурат бор.
Алишер Қодиров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари