Туркий дунё меъморлари ва муҳандислари иттифоқи томонидан Анқарадаги Гази университетида бўлиб ўтган тантанали тадбирда 2021-2022 йиллар “Мирзо Улуғбек йили” деб эълон қилинди.
Бунга давлат арбоби ва буюк мутафаккирнинг дунё илм-фани ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси сабаб бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек-турк муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди, ўзаро алоқалар, айниқса, қурилиш ва меъморчилик соҳасидаги муносабатларнинг тобора кенгайиб бораётгани олқишланди.
Туркий дунё меъморлари ва муҳандислари иттифоқи Ўзбекистонда кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилишида, меъморчилик ва қурилиш соҳаларида замонавий таълим жараёнларининг йўлга қўйилишида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Тадбир қатнашчилари шаҳарсозлик, меъморчилик ва қурилиш муҳандислиги соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашиш учун 2022 йили Самарқандда Туркий дунё меъморлари ва муҳандислари иттифоқи бошқарувининг аъзолари иштирокида форум ўтказиш масаласини муҳокама этишга келишди.