Ҳозирги кунда бутун дунёда карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича эпизоотик ва эпидемик вазият жиддийлигича қолмоқда. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда 2021 йил давомида 175 та ўлат билан касалланиш кузатилиб, уларнинг 21 нафари ҳалок бўлган, 141.327 ҳолатда вабо билан касалланиш кузатилиб, уларнинг 4.050 нафари ҳалок бўлган, 471 нафар кишилар куйдирги билан касалланиб, улардан 6 нафари ҳалок бўлган, 360 нафар кишилар Қрим - Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб, улардан 25 нафари ҳалок бўлган.
1944 йилда Қримда, 1956 йилда Конго давлатида бир гуруҳ одамларда ушбу касаллик аниқланганлиги сабабли, унга «Қрим – Конго геморрагик иситма касаллиги» деб ном берилган. Қрим – Конго геморрагик иситмаси (ҚКГИ) табиий ўчоқли, асосан чорва молларида учрайдиган Иксод каналари орқали юқадиган, аксарият ҳолларда иситма ва геморрагик белгилар (ички ва ташқи органлардан қон кетиши, баданда тошма тошиши, қонталашлар) билан намоён бўладиган ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Кейинчалик, бу касаллик Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва бошқа бир қатор давлатлар ҳудудларида ҳам рўйхатга олина бошланган.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларни ўз вақтида олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф қилишдан ҳар томонлама осон. Карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларнинг табиий ўчоқлари республикамиз ҳудудида ҳам учраши мумкинлигини ҳисобга олиб, аҳолимизни бундай касалликлар билан касалланишини олдини олиш аҳоли саломатлиги ва ҳаёти хавфсизлигини сақлашнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Қрим-Қонго геморрагик иситмаси қандай касаллик?
Бошқа карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар каби вируслар чақирадиган касалликлар эпизоотик ва эпидемик вазиятларнинг барқарорлигига жиддий ҳавф солади. Бунинг яққол мисоли Африка қитъасида Эбола вируси чақирадиган касаллик билан боғлиқ воқеалардир.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги ҳам шу гуруҳдаги касаллик бўлиб, вақтида ёрдам кўрсатилмаса оқибати нохуш бўлиши мумкин. Мазкур геморрагик иситма касаллиги ҳам бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар каби асосан иссиқ иқлимли ҳудудларда учрайди.
Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги эндемик касаллик бўлиб, шимолий кенгликнинг 50-параллелидан жанубдаги Африка, Болқон, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларида учрайди.
Карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини башоратлаш ва олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш, ушбу касалликларни аҳоли орасида келиб чиқиши ва тарқалишини олдини олиш, инсонлар соғлигига етказилиши мумкин бўлган зарар ҳажми ва кўламини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини келтириб чиқарувчи вируслар арбовируслар бўлиб, улар табиатда тоғ олди ва чўл ҳудудларида тарқалган.
Ҳаммамизга маълумки чорва моллари шундай ҳудудларда боқилади. Бу эса чорва молларининг касаллик манбаига айланиб қолишига шароит яратади.
Ушбу муаммо идоралар ва ҳудудлараро аҳамиятга эга бўлиб, унга давлат миқёсида комплекс ёндашишни тақозо этади.
Шу нарсани эътиборга олиш керакки, ҳозирги кунда етакчи давлатлар мутахассислари бу касалликни олдини олиш ва унга қарши самарали кураш воситаси бу тарғибот эканлигини таъкидламоқдалар. Аҳоли ушбу касаллик, унинг юқиш йўллари ва ундан сақланиш бўйича қанчалик кўп маълумотга эга бўлса, олиб борилаётган профилактик тадбирлар шунчалик кўп натижа бериши исботланган.
Етакчи мутахассислар олиб бориладиган профилактик тарғибот қуйидаги йўналишларда бўлиши лозимлигини тавсия этадилар:
-
- Касаллик қўғзатувчи вирусни кана чақиши билан одамга юқишини олдини олиш.
- Касаллик қўғзатувчи вирусни ҳайвонлардан одамларга юқишини олдини олиш.
- Касаллик қўзғатувчи вирусни алоҳида ҳолатларда одамдан одамга юқишини олдини олиш.
Йил давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан жойларда тегишли хизматлар билан ҳамкорликда касаллик ўчоғлари вужудга келиши мумкин бўлган ҳудудларда ўта хавфли юқумли касалликлар профилактикаси бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Бу тадбирлар давомида аҳолига ўта хавфли юқумли касалликлар профилактикаси бўйича 110 мингга яқин эслатмалар тарқатилди. Марказий ва маҳаллий радиоларда мавзу бўйича 130 дан ортиқ чиқишлар қилинди. Газета ва журналларда 117 та мақолалар чоп этилди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармалари томонидан эслатмалар ва буклетлар тайёрланиб, аҳоли орасида ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирлари вақтида тарқатилди.
Ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари Аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказлари тинговчиларига бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар билан бирга Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги бўйича ҳам семинар машғулотлари ўтказилди.
Қрим-Конго геморрагик иситма ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар билан курашиш нафақат тегишли хизматларнинг иши бўлибгина қолмасдан, балки кенг жамоатчилик, қолаверса ҳар бир фуқаронинг ҳам ишидир. Шундай бўлган тақдирдагина биз кўзлаган мақсадимизга, яъни фуқароларимизни ўта хавфли юқумли касалликлардан муҳофаза қилишга эришишимиз мумкин.
Касалликни юқтирмаслик учун тавсиялар:
-
- Кана чақишидан эҳтиёт бўлиш, касалликдан сақланишнинг олтин қоидасидир.
- Моллардаги канани қўллар билан териб олмаслик, қўл билан эзиб ўлдирмаслик, агар молларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида молларни, молхоналарни канага қарши ишлов бериш керак.
- Чўл ҳудудларидан, бозорлардан чорва молларини канага қарши ишлов бермасдан, уйига олиб келмаслик лозим.
- Чўл ҳудудларида дам олиш учун танланган жой мол боқиладиган яйловдан камида 2 – 3 км масофада бўлиши керак. Борди – ю дам олиш ҳудудида каналар борлиги аниқланса, унда дарҳол дам олиш жойини ўзгартириши керак.
- Кана чақишидан эҳтиёт қилиш мақсадида тери юзалари имкон қадар кийимлар билан бекитилиши керак.
- Қирқимга жалб этилган шахсларга махсус ҳимоя кийимларидан (резина қўлқоп, енг, пойчалари мустаҳкам боғланадиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш тавсия этилади.