Корупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича ўтган вақт давомида Агентлик ташаббуси билан 26 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳужжатлардан 8 таси қабул қилинган. Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳалари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудлар ва соҳалар кесимида 50 дан ортиқ ўрганишлар ва текширувлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан умумий 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ишлар қўзғатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.

Ушбу вазифа ижроси тўғрисида БМТ Тараққиёт дастури экспертлари билан ҳамкорликда ISO 37001:2016 халқаро стандарт талабларига мувофиқ, ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш учун 10 та ички идоравий ҳужжатлар намуналари ишлаб чиқилиб барча давлат ташкилотларига юборилди. Ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, коррупцияга қарши ички идоравий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишга доир кўргазмали тақдимотлар, ўқув семинарлар уюштирилди.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилнинг ўтган 12 ойи мобайнида 6 294 нафар шахслар томонидан 7 953 та коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. Шундан, давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ ҳолда 3 050 нафар шахслар томонидан 4 186 та коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноятлар ҳисобга олинган.