Видеомулоқот Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасадди раҳбарлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ҳамда Республика ногиронлар ассоциацияси вакиллари иштирокида бўлиб ўтди

Видеомулоқотда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов ушбу қатлам вакилларининг бандлиги, уларга яратилган шарт-шароитлар ва умуман, мавжуд ҳолат ҳақида ахборот берди.

Хусусан, ахборотда:

ногиронлиги бўлган 630 мингдан зиёд шахсларнинг 162,2 минг нафари меҳнат фаолиятининг муайян турларини бажариш учун лаёқатли экани, бу кўрсаткич жами ногиронларнинг 25 фоизини ташкил этиши, улардан 7,2 минг нафари 1-гуруҳ, 107,9 минг нафари 2-гуруҳ, 49,4 минг нафари 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар экани, айни кунда улардан 21,1 минг нафарининг (13 фоиз) иш билан банд экани айтиб ўтилди.

Меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган ногирон шахсларнинг 9,2 минг нафари олий ва 25,2 минг нафари ўрта махсус маълумотга эга, қолганлари маълумотга эга бўлмаганлар ёки ўрта маълумотли.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига ўтказилган 30 та касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини имконияти чекланган фуқароларнинг ҳам касб-ҳунар ўрганишларини назарда тутган ҳолда таъмирлаш ва қайта жиҳозланади.

2021-2025 йилларда ушбу ўқув марказларида 1000 нафар ногиронлиги бўлган шахсларни касбга ўқитиш, улар малакасини ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, видеомулоқотда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори А.Инаков «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун Олий Мажлиснинг ялпи йиғилишида муҳокама қилинганини ва ушбу ҳужжат иккинчи ўқишдан муваффақиятли ўтганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси О.Исаков ҳам Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш мақсадида алоҳида рўйхатга олиб, уларни тизимли равишда йўлга қўйиш кераклигини, шунингдек, ишга жойлаштирилган ногиронлиги бор шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида кузатув мониторингини олиб бориш зарурлигини таклиф сифатида киритди.

Йиғилишда иштирок этган ногиронлар жамиятлари аъзолари таклифига кўра, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларини ўз ичига олган Жамоатчилик кенгашини тузиш ҳамда унинг асосий вазифаси этиб ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва мониторинг қилиш белгиланди.