Мамлакатимиз умумий ер майдонининг 7,3 фоизини ўрмон билан қопланган майдонлар ташкил этади. Ўрмон фондининг 4,5 миллион гектари ўрмонзорлар майдонидан иборат бўлиб, ўрмон билан қопланган ер майдони 3,3 миллион гектарни ташкил этади. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги давлат ўрмон фондининг қарийб 86 фоизи чўл ҳудудларида жойлашганлиги боис ўрмонлаштириш тадбирларини жадаллаштириш ҳамда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ҳажмларини кўпайтириш долзарб вазифадир. Бугунги кунда мамлакатимизда бу борадаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўрмонлар майдони кенгайтирилмоқда. Хусусан, иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши курашиш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалиётга кенг жорий этилди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда 2021- 2022 йил республика ҳудудларида, жумладан автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек, тез ўсувчи ва бошқа кўчатларни экиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланди.

Ўтган 2021 йил куз мавсумида “яшил макон” умуммиллий тадбири доирасида республикамиз бўйлаб жами 85 миллион дона дарахт ва бута кўчатлари экилиб, режа 114 фоизга бажарилди. Шунингдек, жорий йилнинг баҳор мавсумида ҳам давом эттирилиб, 127 миллиондан зиёд мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди ҳамда белгиланган топшириқ 101,6 фоизга бажарилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш  белгиланган. Шу мақсадда ҳудудлар кесимида республика харитасини ишлаб чиқиш, кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш каби вазифалар белгиланган.

Мазкур фармонга асосан, шунингдек,  ҳудудларда яшил боғлар ва яшил жамоат парклари барпо этилади ва дарахтларни суғориш тизими қайта кўриб чиқилади. Дарахтларни шикастлаш ва нобуд қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.

Келгусида республикамиз ҳудудини янада кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, яшил ҳудудларни кўпайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг 186 та туман ва шаҳарларида 584 гектар майдонда яшил боғлар, 184 та туман ва шаҳарлардаги 306 та объектларда 2022-2024 йилларда жами 1082 гектар майдонда янгидан яшил жамоат парклари барпо этилади.

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан ҳудудларга мос кўкаламзорлаштириш учун тавсия этиладиган дарахт-бута турларини экиш агротехникаси бўйича тавсияномалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Бугунги кунга қадар яшил боғлар ҳамда яшил жамоат парклари ташкил этиш бўйича туман ва шаҳар ҳокимликларининг тегишли қарори қабул қилиниб, жорий йилнинг баҳор мавсумида республикамиз бўйича 480 гектар майдонда яшил боғлар ҳамда 407 гектар майдонда яшил жамоат парклари барпо этиш ишлари амалга оширилди.

Ҳудудларда иқлим-шароитга мос сувсизлик ва қурғоқчиликка чидамли шумтол, қайрағоч, катальпа, япон сафораси, гледичия, тол, терак, жийда, тут, заранг, каштан, липа, эман, қайрағоч, акация каби дарахт ва бута турларини экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.